Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:09

КХШТ ва ШҲТ ҳамкорлиги кимга қарши қаратилган?


Душанбеда ўтаётган олий даражадаги учрашувлар доирасида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўзаро ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзолади.

Меморандум минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлашга оид ҳамкорликларни такомиллаштириш борасида ягона дастур тузиш ва ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйишни кўзда тутади.

Ҳужжатга КХШТ ва ШҲТ бош котиблари Николай Бордюжа ва Бўлат Нургалиев имзо чекди.

Н.Бордюжа ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудида хавфсизликни таъминлаш учун ҳам ўзаро ҳамкорлик қилиш зарурлигини таъкидлади.

“Хусусан, Марказий Осиё ҳудудида хавфсизликни таъминлаш асносида терроризм, диний экстремизм ва наркотик моддалар ғайриқонуний савдосига қарши курашда ҳамкорлик асқотади. Бироқ бу ҳамкорлик НАТОга рақиблик маъносини англатмайди. Бизнинг ундай мақсадимиз ҳам йўқ”, - деди Николай Бордюжа.

Аммо мустақил кузатувчилар КХШТ ва ШҲТ ўртасида имзоланган ҳужжат Россия ва НАТОга аъзо Ғарб давлатлари ўртасида янги совуқ урушнинг дараги эканини таъкидламоқда.

Мустақил кузатувчи Давлат Усмоннинг айтишича, НАТОнинг шарққа томон силжиши Россияни жуда ташвишлантириб келган.

“Шунинг учун Россия КХШТ ва ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудларида ўз иштирокини кенгайтириш ва НАТО таъсирини сусайтириш мақсадида бу икки ташкилот блокини ташкил этишни кўпдан буён режалаштираётганди”, -дейди Д.Усмон.

Журналист Марат Мамадшоев эса КХШТ ва ШҲТ ўртасида имзоланган меморандум навбатдаги расмиятчиликдан бошқа нарса эмаслигини айтади.

“Менимча, бу икки ташкилотнинг ҳамкорлиги Ғарбга қарши блок тузиш орқали ўз-ўзини тинчлантиришдан бошқа нарса эмас. Бу ўринда, биринчи галда, Хитой ютади ва ўз манфаатларини жиддийроқ ҳимоя қилишда блокдан фойдаланади”, - деди М.Мамадшоев.

Аммо Тожикистондаги сиёсий доиралар КХШТ ва ШҲТнинг ўзаро ҳамкорлигини олқишламоқда.

Тожикистон Коммунистик партияси раиси ўринбосари Исмоил Талбаков бу ҳамкорлик минтақадаги айрим давлатлар ўртасида мавжуд виза тартиби бекор қилиниши ва ўзаро интеграциясига туртки бўлиши мумкинлигини билдирди.

“Постсовет давлатлар ҳудудида хавфсизликни таъминлаш учун, энг аввало, бу давлатларнинг жипс ҳамкорлиги зарур. Бунинг учун чегаралар очиқ ва борди-келди эркин бўлиши шарт. Ташкилотга аъзо давлатлар бошлиқлари шу мақсадда бу ҳужжатни имзолаш зарурлигини англаб етган, деб ўйлайман”, - деди И.Талбаков.
XS
SM
MD
LG