Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 04:09

Парвез Мушарраф яна президент бўлди


Покистон Марказий сайлов комиссияси раиси қози Муҳаммад Фаруқ Парвез Мушарраф мамлакат парламентида ўтказилган президент сайловида яна бир муддатга давлат раҳбари этиб сайланганини эълон қилди.

Унинг айтишича, Парвез Мушарраф сайловда қатнашган 257 депутатдан 252 тасининг қўллаб-қувватлашига эришган.

Шунингдек, расмийлар президент мамлакатдаги тўртта вилоят парламентларида ҳам ғолиб келганини билдирмоқда.

Покистон Олий суди П.Мушарраф Қуролли кучлар олий бош қўмондони бўла туриб президентликка ўз номзодини қўйиш ҳуқуқига эга ёки эга эмаслиги ҳақида қарор чиқармагунча, сайлов ғолиби эълон қилинмаслигини кераклигини билдирганди. Бироқ расмийлар сайлов ғолибини эълон қилиб қўя қолди.

П.Мушарраф Қуролли кучлар қўмондони бўла туриб президентликка ўз номзодини қўйганига мухолиф партиялар вакиллари норозилик билдириб овоз беришда қатнашмади ёки сайловга бойкот эълон қилди.

Покистоннинг Шимоли-ғарбий чегара вилояти парламенти аъзоси, мухолифат вакили Мулана Сирожулҳақ Пешавор шаҳрида “Озод Афғонистон” радиоси мухбирига интервью бериб: “Биз республика бўлган давлатни қўллаб-қувватлаймиз. Биз президентимизни ҳарбий кийимда кўришни хоҳламаймиз. Биз ҳарбий генерал мамлакат раҳбари бўлишини қабул қила олмаймиз”, – деди.

Сайлов жараёни бошланганида мухолифатнинг ўнлаб депутати овоз беришда қатнашмади. Муҳожиратдаги собиқ бош вазир Беназир Бҳутто етакчилигидаги Покистон халқ партияси депутатлари эса зални тарк этди.

Мухолифатдаги “Авами” миллатчи партияси аъзоси Афросиёб Хатак П.Мушаррафнинг номзоди “Покистоннинг сайлов ҳақидаги ва ҳарбий қонунига зид” эканини таъкидлади.

“Агар буни сиёсий жиҳатдан таҳлил қиладиган бўлсак, президент мунозарали шахс. Аксарият покистонликлар у мамлакатни сиёсий жиҳатдан иккига бўлиб қўйди, деган фикрда. Конституцияга мувофиқ ва сиёсий жиҳатдан П.Мушаррафнинг президентлик ҳурматига ва халқ қўллаб-қувватлашига савозор бўла олишига ишонмайман”, – деди мухолифат партияси вакили.

Покистон бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Бунга мухолифат партиялари вакиллари ҳамда адвокатлар гуруҳлари халқни сайловга норозилик билдириб кўчаларга чиқишга чақиргани сабаб бўлди.

Бироқ Покистон бош вазири Шавкат Азиз президент сайлови халқ томонидан ҳурмат қилинаётганини таъкидлади.

“Парвез Мушарраф Покистон ва Покистон халқи учун кўп иш қилди. Буни кўчаларда, бозорларда кўришингиз мумкин. Одамлар кўчаларга чиқмасдан, мухолифат раҳбарларининг тажовузкор чақириқларига жавоб бермай, ўз бизнесини юритиш орқали президент Парвез Мушаррафнинг сайланиш жараёнини ҳурмат қиляпти”, – деди Ш.Азиз.
XS
SM
MD
LG