Линклар

Роҳат Алиевни қоралаш кимга керак?


Комил Собирова Қозоғистон президентининг одам ўғирлаш ва ўлдириш, йирик иқтисодий жиноятларда айбланаётган собиқ куёви Роҳат Алиевни қоралаш кампанияси ҳукуматнинг махсус топшириғи асосида олиб борилмоқда.

Мустақил текширувлар агентлигининг “Куб.кз” сайтида эълон қилинган мақоласида айнан шундай маълумотлар келтирилади.

Жорий йилнинг май ойида Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси вазифасидан озод қилинган Р.Алиев 2012 йилда президент бўлиш орзусини қайнотасида айтгани учун ўзига шундай айбловлар қўйилаётганини билдирган.

Мустақил текширувлар агентлигининг келтирилишича, ҳукумат томонидан Роҳат Алиевга “Нурбанк”нинг собиқ раҳбарларини ўғирлаш ва қаттиқ қийноқларга солиш каби илгари сурилаётган айбловлар аслида президентнинг ўз маъмуриятига берган топшириғи натижасидир. Н.Назарбоевнинг одамларидан Р.Алиев иши юзасидан кўплаб мақолалар чоп этган “Время” газетаси бош муҳаррири Игорь Мельцерга собиқ куёвни халққа ёмонотлиғ қилиб кўрсатишга қаратилган мақолалар чоп этиш, ички ишлар вазири Бауржон Муҳаммаджоновга эса унга қарши “далиллар” ўйлаб топиш топшириғи берилган.

Ҳатто “Куб.кз” сайти “Время” бош муҳаррирининг президент одамларидан бири билан бўлиб ўтган телефон сўзлашуви стенограммасини ҳам чоп этди.

“Время” газетаси ходимларидан бири “Озодлик” мухбири билан суҳбатда таҳририят бу маълумотни уйдирма, деб билишини ва унга изоҳ бермаслигини маълум қилди.

Ўзининг аввалги сонларидан бирида “Время” газетаси гўёки Р.Алиев содир этган жиноятларга оид даҳшатли фактларни чоп этган эди. Унда Р.Алиевнинг дала ҳовлисида “Нурбанк”нинг ўғирланган собиқ ходимлари қийноқларга солингани, Р.Алиевнинг ўзи уларга шприц билан қандайдир суюқлик юборгани, бу уйдан қон излари топилгани ёзилган эди.

Мустақил текширувлар агентлиги эса бу маълумотларни газетага Ички ишлар вазирлиги тақдим этгани, чунки вазирнинг ўзи президентдан шундай топшириқ олганини таъкидлайди.

Аммо Р.Алиев томонидан ўғирлаб кетилгани айтилаётган “Нурбанк”нинг собиқ ходими Жолдас Темиралиевнинг рафиқаси Армонгул Капашева “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ҳуқуқ-тартибот органларига тўла ишонишини, Р.Алиевнинг уйидан топилган қон анализи натижалари билан шахсан танишганини маълум қилди.

Мустақил текширувлар агентлиги Қозоғистонда сиёсий диссидентларга қарши Сталин давридан қолган ғоявий тарғибот юрғизилиши, жумладан, Р.Алиев ҳам шундай тарғибот қурбони экани ҳақида ёзади.

Мухолифатдаги “Свобода слова” газетаси бош муҳаррири Гулжон Ергалиева фикрича, Қозоғистонда матбуот 16 йиллик мустақиллик даврида ва ундан олдинги 70 йил давомида фақат одамлар бошини қотириш, жамиятда муайян фикр шакллантириш, таҳдид ва халқни чалғитиш ҳамда шахсга сиғиниш каби ишлар билан шуғулланиб келмоқда.

Г.Ергалиева Р.Алиев иши жаҳон ҳамжамияти назарида тургани, шунинг учун бу иш билан боғлиқ барча деталлар жамоатчиликка ошкор бўлиши зарурлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG