Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:46

Милиция капитани 20 йилга қамалди


Тожикистонлик милиция капитани Шариф Тўраев катта миқдордаги наркотиклар ғайриқонуний савдоси билан шуғулланганликда айбланиб, мол-мулк мусодараси билан 20 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Суд раиси, Олий суд судъяси Рошид Тўраев Ш.Тўраев кўпхотинликда ҳам айблангани, буни тан олгани, аммо наркотиклар савдоси билан шуғулланганидан бўйин товлагани, бу уюштирилган туҳмат эканини айтганини билдирди.

“Аммо унинг шериги, Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ ходими Иззатулло Сафаров судда берган кўрсатмасида тахминан 200 килограмм наркотик моддани Ш.Тўраевнинг машинасидан ўз автомобилига юклагани, Ш.Тўраевнинг топшириғи билан Хўжанд шаҳрига олиб кетаётганида Варзоб тумани милицияси ходимлари томонидан ушланганини маълум қилди”, - деди судья.

Бироқ Ш.Тўраевнинг адвокати Иброҳим Кимсанов капитан устидан ўтказилган судда гувоҳ сифатида қатнашган И.Сафаров ўзига қўлланилган қийноқлардан сўнг шундай ёлғон кўрсатма беришга мажбур бўлганини айтганини таъкидлади. Аммо И.Сафаровнинг Ш.Тўраев устидан ўтказилган суддаги кўрсатмаси эътиборга олинмаган.

Судланувчиининг укаси Иқбол Тўраев Олий судни адолатсизликда айблади.

“И.Сафаров судда акам Шарифни биринчи маротаба кўраётгани, терговда ўзига қийноқлар қўлланилганини айтди. Милиционерлар Иззатуллони уч кун совуқ сувда сақлаганидан сўнг у шундай кўрсатма беришга мажбур бўлган. Унинг кўрсатмасидан сўнг акам устидан тергов бошланган эди”, - деди Иқбол Тўраев.

Бироқ Ш.Тўраевни айбдор топган суд уни 20 йилга озодликдан маҳрум этишдан ташқари 8 та енгил машинаси ва уй-жойини ҳам мусодара қилди.

Суд ҳукмига кўра, Шариф Тўраев жазо муддатининг 17 йилини қаттиқ тартибли ахлоқ тузатиш колониясида ўтайди.
XS
SM
MD
LG