Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:57

Солана расмий Тошкентни мақтаниш имкониятидан маҳрум қилди


Кузатувчилар Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана Марказий Осиёга сафари доирасида Ўзбекистонга бормаслиги ЕИ расмий Тошкентга қарши санкцияларини бекор қилмаслигидан дарак эканини айтмоқда.

8 октябрь куни бошланадиган сафари давомида Ҳ.Солана Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда бўлади. У бу давлатларда энергетик ҳамкорлик, гиёҳвандлик моддалари савдосига қарши кураш ва бошқа муҳим масалаларни муҳокама қилади.

Ҳавьер Солананинг бу сафаридан ЕИнинг Марказий Осиёга нисбатан янги стратегияси қабул қилинганидан кейин кузатилган танаффусга барҳам бериш ва ЕИ ҳамда энергетик захираларга бой бу минтақа билан алоқаларни қайта жонлантириш кўзланган.

Аммо ЕИ алоқаларни жонлантиришни истаётган давлатлар сафида Ўзбекистон йўқ ва тузилмага раислиги вақтида Германиянинг расмий Тошкент билан алоқаларни яхшилашга уриниши, афтидан, кутилган натижани бермади.

Ҳозирча Ҳ.Солананинг матбуот хизмати у ўз сафари давомида Ўзбекистон ва Тожикистонни четлаб ўтишига сабаб бу мамлакатлар вакиллари билан учрашиб улгургани эканини билдирмоқда.

Бироқ 3 октябрь куни Европарламентдаги чиқишида Ҳ.Солана энергетик ҳамкорлик ва гиёҳвандлик моддалар савдосига барҳам бериш, хусусан, Афғонистонда барқарорликка эришишга қаратилган бу сафари давомида Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош мамлакатларига сафар қилиш мақсади борлигини айтган эди. Яъни Ўзбекистон Афғонистонга чегарадош давлат сифатида ҳам ЕИ расмийси сафари доирасидаги давлат бўлиши мумкин эди.

Энди эса ЕИ расмийсининг президент сайлови арафасида турган Ўзбекистонни четлаб ўтишини минтақа таҳлилчилари президент Каримов ҳукумати учун икки муҳим масала борасида ЕИнинг яқин келажакдаги муносабатидан дарак сифатида баҳоланмоқда.

Бири, Ўзбекистон ҳукумати зўр бериб демократик кўриниш беришга уринаётган президент сайловига Ғарбдан кутиладиган муносабат. Иккинчиси эса ЕИнинг Ўзбекистонга қарши санкциялари муддати тақдиридир.

“Умуман олганда, ЕИ ҳозирги вақтда Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни бекор қилиш масаласини кўриб чиқишга тайёр эмас, деб ҳисоблайман. Президент сайловига келадиган бўлсак, Ғарбда бу сайловнинг демократик тарзда ўтиши бобида катта шубҳа бор. Унда нечта партия иштирок этишидан қатъи назар, Ғарб жамоатчилиги бу сайловнинг тақдири аввалдан ҳал этиб қўйилганини яхши тушунади”, - дейди Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Россия ва Марказий Осиё бўйича мутахассиси Юрий Фёдоров.

Унинг таъкидлашича, Андижон воқеаларидан буён Ғарбни ташвишга солиб келаётган инсон ҳуқуқлари вазияти яхши томонга ўзгармас экан, ЕИнинг юқори даражали расмийлари Ўзбекистонни четлаб ўтишга мажбур бўлади.

Ўзбекистонлик аксар таҳлилчилар ҳам ЕИ нуфузли расмийсининг Марказий Осиёга нисбатан янги стратегия қабул қилингандан кейинги муҳим сафари доирасидан Ўзбекистоннинг тушиб қолиши ЕИ ва расмий Тошкент ўртасидаги муносабатлар яқин келажакда ўзгармаслигидан дарак эканини билдирмоқда.

Сиёсатшунос Фарҳод Толипов аслида янги стратегияда кўзланган мақсадлар амалга ошиши учун Ўзбекистоннинг иштироки муҳим аҳамиятга эгалигини айтади.

“Ҳ.Солананинг минтақадаги энг муҳим давлат бўлган Ўзбекистонни четлаб ўтиши ҳали иттифоқнинг бу стратегия амалиётига тайёр эмаслиги, ҳали ҳал қилиниши керак бўлган анчагина муаммолар борлигидан далолат беради. Бундан ташқари, ЕИ Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни ҳали бекор қилгани йўқ. Шундай бир шароитда, фикримча, икки томон расмийларининг сўзлашувлар ўтказиши ҳам қийин кечади”, - дейди Ф.Толипов.

Ф.Толипов Ўзбекистондаги ҳозирги нозик сиёсий вазият ҳам Ғарб расмийларини Тошкентга ташрифдан тийиб турганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, агар Ҳ.Солана гарчи энергетика ва наркотиклар қарши кураш масалаларида музокара ўтказиш учун Тошкентга келганида ҳам Каримов ҳукумати бу ташрифни Ўзбекистондаги сиёсий жараёнлар, айниқса, президент сайловига тайёргарлик жараёни Европа томонидан қувватланиши сифатида талқин қилган бўларди.
XS
SM
MD
LG