Линклар

Афғонистонда халқаро кучлар авиацияси зарбалари натижасида Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош ўлдирилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабар якшанбадан бери ўз тасдиғини топмаётир.

Аммо Афғонистон ва коалиция кучлари мулозимлари айтган гаплар Тоҳир Йўлдош ҳамон тирик бўлиши мумкинлигига кўпроқ ишора қилади.

Ўтган шанба куни Пактика вилояти Суруби қишлоғида халқаро кучлар авиацияси зарбалари натижасида 16 ажнабий жангари йўқ қилинган ва бу хабар вилоят полицияси мулозимлари томонидан тасдиқланганди.

Авиация зарбаларидан омон қолган 6 жангаридан бири ЎИҲнинг ўзбек миллатига мансуб аъзоси экани ҳам айтилди. Сўроқ қилинган ўзбекистонлик асир ўлдирилган сафдошлари Покистон, Ўзбекистон ва Чеченистондан бўлганини маълум қилган.

Кейинроқ ўлдирилганлар орасида ЎИҲ раҳбари Т.Йўлдош ҳам борлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Аммо Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Зимарай Башарий мазкур хабар юзасидан шубҳа билдирди.

“Биздаги маълумотларга кўра, ҳаво зарбалари натижасида Тоҳир Йўлдош эмас, балки бошқа террорчилар ўлдирилган”, – деди Зимарай Башарий.

Ўтган ҳафтада АҚШ армияси Афғонистонда қидирувда бўлган ашаддий жиноятчилар рўйхатини эълон қилиб, хусусан, Т.Йўлдошни қўлга олишга ёрдам берганларга 200 минг доллар мукофот пули ваъда қилганди. Айни пайтда Тоҳир Йўлдошни овлаётган АҚШ армияси ҳам унинг ўлдирилгани ҳақидаги хабарни тасдиқламаётир.

АҚШ қўшинлари матбуот вакили Крис Белчернинг айтишича, Тоҳир Йўлдошнинг ҳаво зарбалари натижасида ўлдирилгани юзасидан “ижобий” тасдиқ олинмаган.

“Агар биз бу шахснинг, айниқса, бизнинг қидирувдаги ажаддий жангарилар рўйхатидан ўрин олган одамнинг ўлдирилгани ҳақида ижобий тасдиқ олганимизда, бундай ахборотни ёйган бўлар эдик. Айнан Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилганини тасдиқловчи далилларни кўрмадим”, – деди Крис Белчер.

ЎИҲ жангчиларининг Афғонистонда ўлдирилиши Тоҳир Йўлдош бошлиқ гуруҳ аъзолари Афғонистонда ҳамон борлигини кўрсатади. Бироқ айни пайтда Тоҳир Йўлдошнинг ўзи Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош тоғли Вазиристон минтақасидан паноҳ топгани тахмин қилинади.

Тоҳир Йўлдошнинг турли ҳарбий ҳамлалар давомида ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар аввал ҳам бир неча бор пайдо бўлиб, сўнг инкор этилган.

ЎИҲ раҳбари ўзининг жиҳодга чорловчи сўнгги мурожаатини ўтган йил сентябрда Интернет орқали тарқатган эди.
XS
SM
MD
LG