Линклар

logo-print

Мўътабар Тожибоева қамоқхонада ўз жонига қасд қилишга ундалмоқда

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистонда таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Марғилондаги “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоевани қамоқхона нозирлари ўз жонига қасд қилишга ундамоқда.

Унинг куни-кеча қамоқхонадан чиқарган мактуби мазмунидан айнан шундай хулоса келиб чиқади. Бу мактуб М.Тожибоеванинг укаси Расул Тожибоевга етиб келди.

Унинг сўзларига кўра, М.Тожибоева ўзига ўлим таҳдид қилаëтганидан ташвиш билдирган.

“Мени қамоқхонанинг жазо ҳужрасига қамаб қўйишди. Ҳужрага арқон ташлаб қўйишди. Қани эди Мўътабархон жонидан тўйиб, ўзини осса, маъносида”, - деган М.Тожибоева.

Р.Тожибоев яқинда қамоқхонада бўлиб, опасининг ҳолидан хабар олди.

“Соғлиғи жуда ëмон эди. Тинмай йўталарди. Юзлари шишиб кетганди. Қамоқда опамга тиббий ëрдам кўрсатилмаяпти. У ташқаридан ёрдам қилинмаса, қамоқхонада уни ўлдириб юборишмоқчи эканини айтди”, - деди Расул Тожибоев.

М.Тожибоева ўз мактубида қамоқхона нозирлари уни давомий равишда қийнаб, таҳқирлаётганини ёзган.

“Опам қийноқларга солинганидан сўнг тиббий текширув ўтказилишини талаб қилди. Уни қийнаб калтаклаган қамоқхона нозирлари эса етти ойдан кейин экспертиза ўтказамиз, деб калака қилган”, - дейди Расул Тожибоев.

М.Тожибоева бундан уч ой олдин ҳам қамоқдан мактуб чиқарган эди. Бу мактуб жамоатчиликка маълум бўлгач, унинг аҳволи бироз яхшиланганини айтади Расул Тожибоев.

“Ўшандан кейин опамнинг олдига яқинлари киришига рухсат берилди. Озиқ-овқат киритилишига изн бўлди”, - деди у.

Расул Тожибоев М.Тожибоеванинг тақдири билан АҚШ ва Германиянинг Ўзбекистондаги элчихоналари вакиллари ҳам қизиқаётганини билдирди. Р.Тожибоев АҚШ элчихонасида бўлиб, опасининг аҳволи тўғрисида батафсил гапириб берган. Германия элчихонаси вакиллари эса М.Тожибоева ëтган қамоқхонага боришга ҳозирланмоқда.

М.Тожибоева 2005 йил 8 октябрда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг Ирландияда бўладиган йиғилишига кетиш олдидан ҳибсга олинганди.

2006 йилнинг 6 мартида Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида бўлиб ўтган суд қарори билан Нобель мукофоти номинанти М.Тожибоева 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари сиëсий қарашлари учун қамоққа ташланган виждон асираси сифатида М.Тожибоева дарҳол озод этилишини талаб қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG