Линклар

logo-print

“Бошданоқ ғирром ўйин”нинг давоми

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянсининг президент сайловида мустақил номзод сифатида иштирок этиш истагини билдирган уч аъзосини Марказий сайлов комиссияси вакили Комилжон Одилов расман қабул қилди.

К.Одилов билан учрашувда Абдулло Тожибой ўғли, Жаҳонгир Шосалимов ва Аҳтам Шоймардонов қатнашди. Учрашув икки соат давом этди.

К.Одилов учрашув қатнашчиларига сайлов борасидаги йўл-йўриқлар акс этган китобчани тақдим этди.

“Бу китобда шу пайтгача матбуотда эълон қилинмаган сайловга оид қонуности ҳужжатлари жамланган”, - дейди Аҳтам Шоймардонов.

Ўзбекистон президенти сайлови тўғрисидаги қонуннинг 6-моддасига кўра, президент сайловида қатнашаëтган номзод харажатлари ҳукумат ҳисобидан қопланади.

Учрашув қатнашчиларининг ўзларининг сайловда номзод кўрсатиш билан боғлиқ харажатлари қай тарзда қопланиши тўғрисидаги саволига жавобан МСК вакили сайловнинг биринчи босқичида мустақил номзодларга ҳукумат сариқ чақа ҳам бермаслигини билдирган.

Учрашув мобайнида альянс аъзолари Ўзбекистон либерал демократик партияси томонидан сайловга амалдаги президент Ислом Каримовнинг номзоди кўрсатилиши мавжуд қонунчиликка зидлигини таъкидлади.

“Нега қонуний ваколати йўқ ва январь ойидан бери қонунни бузиб, лавозимда ўтирган шахс ЎзЛДП томонидан номзод бўлишига монеълик қилмадингиз, деб савол бердим. МСК вакили биз партия ички ишига аралашмаймиз, деб жавоб берди. Конституцияга оëғини артган одамни тартибга чақириш партия ички ишига аралашиш эмаслигини К.Одиловнинг юзига шартта айтдим”, - деди Абдулло Тожибой ўғли.

Унинг сўзларига кўра, МСК вакили суҳбат чоғида ўзини ниҳоятда асабий тутган, тутаққан, бақириб-чақирган, жеркиб ташлаган.

Президентликка номзод бўлишни истаган фуқаро 800 минг сайловчи имзосини тўплаши керак. 14 октябрдан 19 октябрга қадар бўлган оралиқда бу имзолар МСК томонидан тафтиш қилиниши лозим. Учрашув иштирокчилари бу иш қай тарзда амалга оширилиши билан ҳам қизиққан.

“МСКдан беш киши 15 фоиз овозни танлаб текшириб кўрар экан. 200 минг овозни беш киши тўрт кунда қандай текширишига ақлим етмайди”,- деди А.Тожибой ўғли.

У учрашувдан МСК мустақил номзодларни рўйхатга олмаслиги аниқ, деган хулосага келди.

“Бу бошданоқ ғирром ўйин эди. Номзод рўйхатга олинишига беш кун қолганда биз билан учрашиб, елкамизга бажариб бўлмайдиган шартларни қўйишди. Бермас қизнинг қалини қиммат дегандай”,- деди А.Тожибой ўғли.

А.Шоймардонов эса президентликка номзодини кўрсатиш истагида бўлган ҳуқуқ ҳимоячилари барибир курашни давом эттириши, керак бўлса, МСКни судга бериши, пикетлар ва бошқа норозилик тадбирларидан фойдаланишини маълум қилди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов “Озодлик” билан суҳбатда Ўзбекистондаги президент сайловининг асосий жиҳатларидан бири сайловга тайëргарлик жараëнининг ўта махфийлигида эканига эътибор қаратди.

“Ҳукумат сайлов борасидаги режасини сир сақлаб турибди. Бу сир сайловга саноқли кун қолганда очилади. Бу қисқа даврда режим ўз ишини ими –жимида битириб олади”, - деди сиёсатшунос.

Ўзбекистонда сайлов кампанияси бошланганига қарамай, бир неча халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТ ҳузуридаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси сайловни кузатиш учун Тошкентдан ҳали ҳам таклифнома олгани йўқ.
XS
SM
MD
LG