Линклар

Ўзбекистон Омбудсманининг ўлим жазоси билан нима иши бор?

  • Сарвар Усмон

Дунёда ўлим жазосига қарши кураш куни нишонланаётган шу кунларда ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларида мамлакатда янги йилдан ўлим жазоси бекор қилиниши борасида оптимизм озроқ.

Ўзбекистон президентининг фармони ва жорий йилда қабул қилинган қонунга кўра, 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб қатл этиш жазо тури сифатида бекор қилинади.

Бу ҳақда тўлиб-тошиб Ўзбекистон Омбудсмани идораси гапирмай, ким гапирсин?!

Лекин Омбудсман идораси ҳам расмий Тошкентнинг бошқа идораларидан қилчаям фарқ қилмади. Бу идора вакили “Озодлик” мухбирига бу ҳақда гапириш ўрнига Ташқи ишлар вазирлигига йўллади. Гўёки Омбудсманнинг ўлим жазоси бекор қилиниши масаласига ҳеч қандай алоқаси йўқдек...

“Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” нодавлат ташкилоти раҳбари Тамара Чикунова “Озодлик” билан суҳбатда ўз ташкилоти Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинишига озгина ҳиссасини қўшган бўлса ҳам бундан фахрланишини билдирди. Бироқ у ўлим жазосини бекор қилиш билан бу соҳадаги муаммолар бартараф бўлмаслигини таъкидлади.

“Чунки Ўзбекистонда ҳанузгача шахс устидан зўравонлик қилинади, унга руҳий, маънавий, жисмоний босим ўтказилади – қийноққа солинади ва натижада одамлар қилмаган жиноятларни ҳам бўйнига олишга мажбур бўлади”, - дейди Тамара Чикунова.

Қизиғи шундаки, ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси ўз мамлакатида бир йилда неча киши ўлимга маҳкум этиладию, неча маҳкум қатл этилиши тўғрисидаги маълумотлардан бехабар. Аммо у қўшни Қирғизистонда неча киши ўлимга маҳкум этилгани тўғрисида билар экан.

“Қирғизистонда 172 киши ўлимга ҳукм қилинган. Қирғизистон ва бошқа давлатлардан фарли ўлароқ, Ўзбекистонда ўлим жазоси билан боғлиқ ҳар қандай маълумот давлат сири ҳисобланади”, - дейди Т.Чикунова.

Сўнгги 8 йилдан буён Қирғизистонда ўлим жазоси белгиланади, бироқ ижро этилмайди. 1999 йилдан бери қатлни ижро этишга эълон қилинган мораторий кучда турибди.
XS
SM
MD
LG