Линклар

Нарх-навонинг кескин ошиши мухолифатни жонлантирди


Қозоғистон мухолифати мамлакатда нарх-наво кескин ошишига чора кўришда сусткашлик қилаётган ҳукумат сиёсатига қарши оммавий норозилик намойишлари ўтказишга қарор қилди.

Мамлакатда нон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, транспорт, коммунал хизмат ва кундалик эҳтиёж моллари баҳоси кескин кўтарилиб кетгани аҳолини анча қийин аҳволга солиб қўйди. Бу эса жорий йилда бўлиб ўтган парламент сайловида мағлубиятга учраб, ўшандан буён сукут сақлаётган мухолифатдаги Социал демократик партияга (СДП) ўзини кўрсатиш учун яна бир имконият берди.

СДП раҳбари Жармахон Туёқбой ҳукмрон партия парламент сайлови вақтида аҳолига олтин тоғ ваъда қилгани, аммо бугунга келиб нархлар ўта тез ўсаётгани, ҳукумат эса бунинг олдини олиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилмаётганини таъкидлади.

Унинг айтишича, мамлакатдаги кўпгина сиёсий партиялар сентябрь ойининг бошидаёқ ҳукуматни нарх-наво ўсиши олдини олиш бўйича тезкор чоралар кўришга чақирган. Аммо ҳукуматнинг бунга бефарқ муносабати мухолифатни аҳолининг норози қатламини норозилик акцияларига олиб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилишга ундаган.

Мамлакатда нарх-навонинг кескин ошиб кетишига қарши норозилик митинглари Остона, Олмаота ҳамда барча вилоятлар марказларида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бироқ 6 та вилоят маъмурияти мухолифатнинг норозилик митинглари ўтказиш сўровига рад жавоби берган.

“Гарчи митингларимиз ҳукуматни мамлакат ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида барқарорлик ўрнатишга ундашга қаратилган бўлса-да, ҳукумат бизнинг бу ҳаракатимиздан хавфсирамоқда. Чунки ҳукумат юритаётган сиёсатдан норози бўлганлар кўпчиликни ташкил қилади. Бу эса норозилик чиқишларининг кенг кўламли митингларга айланиб кетишига олиб келиши мумкин. Бироқ нима бўлганда ҳам биз ўз қароримиздан қайтмаймиз. Биз митинглар ўтказамиз”,- деди Жармахон Туёқбой.

Сиёсатшунос Ерғали Аҳмадиев фикрича, парламент сайловида мағлуб бўлган мухолифат вужудга келган вазиятдан фойдаланиб, ўз ортидан халқни эргаштира олишини исботлашга уринмоқда. Лекин улар нари борса 1,5-2 минг тарафдор тўплай олади.

Мухолифат режалаштирган норозилик митинглари 13 октябрь куни мамлакатнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтиши кутиляпти.
XS
SM
MD
LG