Линклар

logo-print

Қирғизлар ўзбек ва тожик “экспансияси”дан хавотирланмоқда


Қирғизистон сиёсатчилари уюшмаси мамлакат жанубида Ўзбекистон ва Тожикистон аҳолиси экспанияси авж олаётгани, натижада Қирғизистон ўнлаб гектар еридан маҳрум бўлаётганини билдирди.

Уюшма тайёрлаган ҳисоботда чегаралар аниқланмагани, ўзбек ва тожиклар экспансияси туфайли Қирғизистон чегараолди ҳудудларини бой бераётгани билдирилади.

Қирғизистон сиёсатчилари уюшмаси расмийси Нур Оморовнинг айтишича, кейинги йилларда Қирғизистонда ички миграция жараёни жуда кучайган. Жанубдаги Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятида яшовчи қирғизлар мамлакатнинг нисбатан бой ва фаровон шимолий ҳудудларига кўчиб кетмоқда.

“Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош бўлган Қирғизистон ерларига эса шу мамлакатлар фуқаролари кўчиб кирмоқда. Улар бу ердаги уйларни сотиб олаётир”, - деди Нур Оморов.

Унинг таъкидлашича, Қирғизистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош ҳудудлари бундай жараён оқибатида қўшни давлатлар мулкига айланиб бормоқда.

“Биз ҳар куни, ҳар ойда ўнлаб гектар еримиздан айрилмоқдамиз. Бу ерлардан кўчиб кетаётганларнинг 60 фоизга яқини қирғизлардир”, - деди Нур Оморов.

Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг Қирғизистондаги уйларни ноқонуний тарзда сотиб олаётгани мамлакат парламентида ҳам бир неча бор муҳокама этилган эди.

Парламентнинг билдиришича, биргина Боткен вилоятининг бир неча қишлоқларида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари кўпчиликни ташкил этиб қолган. Агар вазият шу тарзда давом этса, 30 йилдан сўнг бу ҳудудлар Ўзбекистон ёки Тожикистон ихтиёрига ўтиб кетиши мумкин.

Парламент депутати Темир Сариев бу ҳолатнинг олдини олиш учун ҳукумат чегара ҳудудларида яшаётган аҳолига ижтимоий жиҳатдан ёрдам кўрсатиши ёки рағбатлантириши зарурлигини айтади.

“Мен ҳукумат ўз зиммасига қўшимча харажатларни олиши лозим, деб ҳисоблайман. Чегара ҳудудида яшовчи ҳар бир хонадонга ойига жон бошига 500 сомдан рағбатлантириш пули берилиши лозим. Масалан, бир хонадонда 4-5 киши яшаса, ойига 50-60 доллар атрофида қўшимча даромад олиб туради. Шундагина қирғизларнинг чегара ҳудудларидан кўчиб кетиш жараёнини тўхтатиб қолиш мумкин”, - дейди Темир Сариев.

Қирғизистоннинг таниқли давлат арбоби Эшонбой Абдураззоқов фикрича, ҳукумат парламент ва сиёсатчилар уюшмаси хавотирларига эътибор бермаётир. Бу эса қирғиз давлатчилигини хавф остига қўймоқда.

“Бу масала давлатчилигимиз ҳаёт-мамоти муаммосидир. Бу муаммони энг олий даражадаги давлатларо музокараларда ҳал этмоқ зарур. Бироқ масала шу кунгача бу каби учрашувларда муҳокама қилинмаётир”, – деди Эшонбой Абдураззоқов.

Таниқли сиёсатчи Абдуғани Эркабоев сиёсатчилар уюшмаси ҳисоботини бир томонлама ва нохолис, деб ҳисоблайди.

“Ҳисоботда вазиятни холис ва бетараф ёритиш ўрнига сиёсий ҳисларга ўрин берилган. Сиёсатчиларни жанублик қирғизлар шимолга кўчиб келаётгани кўпроқ ташвишга солган. Жанублик қирғизлар миграцияси тўхтатилган тақдирдагина ўзбек ёки тожиклар экспанциясини бартараф этиш мумкин, деган хулосага келинмоқда. Бу эса жуда нотўғри хулосадир”, - деди Абдуғани Эркабоев.
XS
SM
MD
LG