Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:35

Санкцияларни бекор қилиш ёки юмшатиш ЕИнинг ожизлиги белгиси...ми?


“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти ва Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи Европа Иттифоқини Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкцияларни ўз кучида қолдиришга чақирмоқда.

15 октябрь куни ЕИ ташқи ишлар вазирлари Люксембургда Ўзбекистонга жорий этилган сакцияларнинг кейинги тақдирини муҳокама этади. Уларнинг қандай қарорга келиши маълум эмас, лекин ЕИдаги манбаларнинг билдиришича, вазирлар олдига ташланган таклифлардан бири санкцияларни вақтинча тўхтатиб туришдир. Санкциялар тўхтатиб турилган муддат давомида ЕИ Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари масаласида мулоқот ўтказади ва аниқ натижаларни кутиб қолади. Айнан шу натижаларга қараб санкциялар яна узайтирилиши ёки бекор бўлиши бўйича қарорлар қабул қилинади.

ЕИ вакили Николас Керлерокснинг айтишича, бугунги кунда асосий йўналиш Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари масаласида рағбатлантиришга қаратилган.

“Биз энг яхши рағбатлантирувчи йўлларни қидиряпмиз. Лекин бу қандай йўл бўлиши ҳозирча аниқ эмас. Санкциялар эҳтимол янгиланади, чунки Ўзбекистонда биз кўришни истаган ривожланиш бўлмади. Сакцияларни шартли равишда қисман ёки вақтинча юмшатиш таклифи ҳам кўрилади. Бундай санкциялар кейин осонлик билан қайта жорий этилиши мумкин бўлади”, – деди Н.Керлерокс.

“Ҳьюман райт уотч” ва Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи ЕИнинг айнан шундай қарорга келишига қарши чиқмоқда.

ҲРУ вакиласи Клэйр Айверснинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати ўтган муддат давомида санкциялар юмшатилишига лойиқ бир иш қилмаган.

“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланмади. 13 инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси қамоқда қолмоқда. Мустақил журналист Жамшид Каримов бир йилдан буён руҳий касалликлар шифохонасида мажбуран сақланяпти. Қийноқлар муаммоси ҳамон жиддийлигича қолаётир. Фикримизча, шуларни ҳисобга олган ҳолда ЕИ ўз сиёсатидан чекинмаслиги ва барча воситаларни, айни дамда санкцияларни ишга солишда давом этиши керак”, – деди К.Айверс.

Кўпчиликнинг эътирофича, ЕИ Ўзбекистонга қарши жорий этган санкциялар рамзийдир. Қурол-яроғ эмбаргоси ва Андижон воқеаларига масъул кўрилган тўрт расмийга Европага кириш тақиқи бевосита Ўзбекистон режимига босим ўтказишга ожиз. Бироқ санкциялар жорий этилган оз сонли мамлакатлар рўйхатида бўлиш Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга тинчлик бермаётганга ўхшайди. Ўзининг сўнгги чиқишларидан бирида у ЕИга ҳужум қилгандек бўлди.

“Қудратли давлатлар нимани хоҳлайди? Дунёнинг у чеккасидаги халқ ҳам унга бўйсуниши керак. Агар шуни қилмаса, олдингга ҳар хил айбларни қўяди... Нима эмиш, демократияга қаршисан, инсон ҳуқуқини ҳимояламайсан, сен журналистларга йўл қўймайсан, сен ундай, сен бундай ва ҳоказо”, - деган эди И.Каримов 9 майдаги чиқишида.

Ўзбекистон жорий йил охирида бўладиган президент сайловига тайёргарлик кўрмоқда. ЕИ санкциялари И.Каримовнинг қайта президент этиб сайланишига тўсқинлик қила олмайди. Лекин сайлов олдидан санкциялар бекор қилиниши ёки юмшатилиши ЕИ И.Каримовга таъсир ўтказишга қанчалик заиф эканини кўрсатиб қўйиши мумкин.

И.Каримов санкциялар ҳали бекор қилинмаган бир вазиятда ҳам ЕИни гўё ўз хатосини ангалаётгандек тақдим этишга ҳаракат қилганди.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вакили Алан Делетроз таъкидича, ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати таназзулга юз тутмоқда.

“Ўзбекистонда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаса-ю, ЕИ сайловдан аввал санкцияларни бекор қилса, Ўзбекистон тарғибот машинаси бундан қандай фойдаланишини тасаввур қилиб кўринг. Дунёдаги 27 демократик давлатдан таркиб топган ЕИ Каримовнинг сиёсатини қўллаб-қувватлаётган бўлиб чиқадими? Бундай фалокат содир бўлишига йўл қўйиб бўлмайди”, – деди Алан Делетроз.

Айни пайтда ЕИ ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана Ўзбекистонни четлаб Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари бўйлаб сафар қилмоқда. Унинг Ўзбекистонга бормагани ҳам И.Каримов учун ҳам муайян ишорани беради.
XS
SM
MD
LG