Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:34

Директор ҳукумат амалдоридан “байрам совғаси” олиб, шифохонага тушди


30 сентябрь куни, Ўқитувчилар ва мураббийлар куни арафасида Жиззах туманида Вазирлар Маҳкамасининг пахта теримини назорат қилаётган амалдори мактаб директорини калтаклади.

Маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамаси вакили Рустам Элтоев тумандаги 6-мактаб директори Асил Раҳимовни
йиғилиш ўтаётган пайтда, кўпчиликнинг ичида дўппослаган. Бунга директор ўқувчиларга терган пахтасининг пулини фермердан ўша куниёқ олиб бермагани сабаб бўлган. Калтак зарбидан директор шифохонага тушиб қолган.

“Ҳа, шифохонада ётибди. Кеча баъзи ҳамкасбларим бориб келди. Яхши эмиш аҳволи”, - деди ўша кунлари мавзу юзасидан “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган мактаб директорларидан бири.

Асил ака калтаклангач, бошқа директорлар аразлаган бўлди. Яъни улар норозилик билдириб, мажлисдан чиқиб кетди.

Аммо бу араз узоққа бормаган бўлиб чиқди. Эртаси куни Ўқитувчилар куни муносабати билан уюштирилган тадбирга ҳамма директорлар борибди.

“1 октябрь куни ҳокимимиз ифтор берди. Ифторгаям ҳамма борди”, - дейди суҳбатдош мактаб директори.

“Аразлаган бўлди”, дейишимизнинг сабаби шу. Агар ҳамкасбларини калтаклаган Вазирлар Маҳкамаси вакили ифтор берганида ҳам улар бораверармиди? Суҳбатдошнинг кўнглини оғритмаслик учун бу саволни бермадик.

30 сентябрь кунги воқеа тафсилотлари ҳақида “Озодлик” мухбири қўнғироқ қилган кўпчилик мактаб директорлари бу гапларни телефонда айтиб бўлмаслигини билдириш билан чекланди.

Туман халқ таълими бўлимининг ўзини таништирмаган услубчиси эса 30 сентябрь кунги мажлисда иштирок этмагани, аммо қандайдир можаро бўлиб ўтганини эшитганини маълум қилди.

10 октябрь куни Жиззахга қўнғироқ қилган “Озодлик” мухбири ишончли манбадан Вазирлар Маҳкамаси вакили Рустам Элтоев сўнгги 3-4 кундан бери туманда кўринмаётганини аниқлади.

“Балки яхши хизмати учун вилоятга кўтариб юборишгандир”, - деди манба.

Мактаб директорлари эса ҳар куни кечқурун 2-3 соатлаб вақтини йиғилишда ўтказяпти.

Директорлардан бири йиғилиш пахта заводида ҳар куни кечқурун соат 10 да бошланиб, ярим тунгача давом этишини билдирди.
XS
SM
MD
LG