Линклар

logo-print

Алишер Усмонов олмос можаросига аралаштирилди

  • Ҳурмат Бобожон

Олмос қазиб чиқариш бўйича жаҳондаги энг йирик корпорациялардан бири бўлмиш “De Beers” россиялик миллиардер Алишер Усмонов ишлаган “Архангельскгеология” ширкатини қаллобликда айблади.

“De Beers” “Архангельскгеология” ширкати билан қўшма корхона тузиш учун 30 миллион доллар сармоя ётқизганини айтмоқда. Аммо ширкат хусусийлаштирилгандан сўнг “De Beers” Россия олмос конларига кириш имкониятини йўқотган. Ҳозир корпорация қўшма корхона учун ётқизган 30 миллион долларлик сармоясидан ҳам ушбу қўшма корхона кўриши мумкин бўлган 400 миллион доллар даромаддан маҳрум қолганини даъво қилмоқда. “De Beers”нинг бу хусусда Колорадо штати судига киритган даъво аризасида россиялик миллиардер Алишер Усмонов номи ҳам бор.

Корпорация вакилларининг айтишича, ўша пайтда “Архангельскгеология” ширкатига А.Усмонов раҳбарлик қилган ва қўшма корхона тузиш бўйича “De Beers” билан ўтказилган музокараларда шахсан қатнашган. Шу боис, “De Beers” мазкур қаллобликда А.Усмоновнинг ҳам қўли бор, деб ҳисобламоқда.

А.Усмоновнинг “Finsbury” пиар агентлигидаги вакили Ролло Хед ўз мижози Колородода бўладиган судда қатнашмаслигини, миллиардернинг бу ишга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди.

А.Усмонов ишлаган “Архангельскгеология” ширкати Верхотискдаги олмос конини ўзлаштириш лицензиясини 1993 йилда олган. Архангельскдан 115 километр олисда жойлашган бу кон Европадаги энг йириклардан саналади. Ҳисоб-китобларга кўра, у ерда 5,5 миллиард долларликдан ортиқ олмос захираси бор.

“Архангельскгеология” ширкати Верхотискдаги олмос конини ўзлаштириш лицензиясини олганидан бир йил ўтиб, 1994 йилда Канаданинг “De Beers”га тегишли “Archangel Diamond Corporation” (ADC) ширкати билан “Алмазний берег” қўшма корхонасини тузади. Унда Канада ширкатининг улуши 40 фоизни ташкил этган ва у конда разведка ишлари ўтказиш учун сармоя ётқизиши керак бўлган. Аммо ширкатга лицензия берилмагач, 1998 йилда ADC сармоясини музлатиб қўйди. ADC ушбу лойиҳа учун 30 миллион доллар ётқизганини даъво қилмоқда. Россия ширкати эса ADCнинг харажатлари анча кам бўлгани ва 7 миллион долларга тенг эканини айтмоқда.

ADCнинг билдиришича, “Архангельскгеология” ширкати янги тузилган қўшма корхонага сармоя эвазига лизензия ваъда қилган ва бу Канада ва Россия ширкатлари ўртасида 1994 йилда имзоланган ҳужжатда ҳам акс этган. Аммо ADCга лицензия берилмади. Канада ширкати ўшандан бери кўпгина судларга даъво аризаси билан мурожаат этган, аммо ширкатнинг ўз ҳаққини талаб этиб қилган бу уринишлари шу пайтгача бирор натижа бермаган.

Вазият билан яхши таниш мутахассислар бу ишда А.Усмоновнинг қўли бўлишини шубҳа остига олмоқда.

Бу А.Усмонов шахси атрофидаги биринчи машмаша эмас. Аввалроқ Буюк Британиянинг машҳур “Арсенал” футбол клуби раҳбари Питер Ҳилл-Вуд Ўзбекистоннинг иқтисоди аянчли бўлиб турган бир пайтда А.Усмонов орттирган бунақа молу дунёнинг келиб чиқиши шубҳали экани, миллиардернинг клуб соҳиби бўлишига қаршилигини маълум қилганди.

“Арсенал” раҳбариятининг бу баёноти А.Усмоновнинг Ўзбекистондаги мустабид режим билан яқин алоқаси бўлгани ва у, асосан, қароқчилик ва коррупция эвазига мол-дунё орттиргани ҳақида Интернетда босилган мақолалар ортидан янгради. Кейинчалик бу мақолаларни босган веб-блоглар, жумладан, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крэйг Мюррейга тегишли сайт ҳам туҳмат айби билан А.Усмонов манфаатларини ҳимоя қилаётган фирмалар талаби билан ёпиб қўйилди.

Собиқ элчи ўз мақоласида А.Усмонов ўзбек гази назоратини қўлга киритиш учун Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг томоғини мойлагани ҳақида ёзади.

“А.Усмонов Г.Каримова билан яқин алоқадор ва у Ўзбекистон табиий газ бойликлари устидан назоратни қўлга киритиш мақсадида Россиянинг “Газпром” ширкати номидан Каримова хоним билан музокара ўтказган”, - дейди Крейг Мюррей.

Асли Ўзбекистонда туғилган Алишер Усмонов “Forbes” журнали томонидан тузилган Россиянинг 100 та энг бой одами рўйхатига кирган ишбилармон. У Россиядаги бадавлат инсонларнинг 18-си, жаҳондаги энг бой одамларнинг 278-сидир. А.Усмоновнинг шахсий мол-дунёси 5 миллиард 600 миллион долларни ташкил этиши айтилади. У ҳозир “Газпром” тасарруфидаги “Газпроминвестхолдинг” компанияси бош директоридир.
XS
SM
MD
LG