Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:38

Хонанда журналистларни суд олдида жавоб беришга мажбур қилди


Тожикистонда “Овоза” мустақил газетасининг шахс шаънини ҳақорат қилишда айбланаётган уч журналисти устидан суд жараёни бошланди. Газетада босилган мақола уларни судга етаклади.

Гап шундаки, тожик қўшиқчиси Райҳона Раҳимованинг жорий йилда қўшни Афғонистонда берган концерт дастури “mynet.tj” сайти муштарийлари ўртасида катта мунозарага сабаб бўлганди. “Овоза” газетасининг ёш мухбирлари Саида Қурбонова, Фарангиз Набиева ва Муҳайё Нозимова шу сайтдаги маълумотларга асосланган ҳолда “Райҳона пи пи пи” сарлавҳали мақола эълон қилганди.

Мақолада тожик маданияти ва санъатини намойиш қилаётган ҳар бир санъаткор ўзга юрт саҳнасида ўзини тута билиши лозимлиги ва давлат идоралари бутун бир миллат обрўсига путур етказувчи санъаткорларга нисбатан зарур чоралар кўриши зарурлиги таъкидланган.

Мақола эълон қилингандан сўнг Райҳона ўзини таҳқирланган ҳисоблаб, Душанбе шаҳри прокурори номига шикоят аризаси ёзганди.

Россиядаги Экстремал журналистика маркази ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари журналистларни бу очиқча босимлардан ҳимоя қилишни сўраб, Тожикистон президенти номига очиқ хат ҳам йўллаганди. Аммо ҳаракатлар бесамар кетиб, “Овоза” газетаси журналистлари иши судгача бориб етди.

Тожик журналистлари ўз ҳамкасбларига нисбатан жиноят иши очилгани ва уларнинг судга тортилиши қалам аҳлини қўрқитиб қўйиш мақсадини кўзлаганини таъкидламоқда.

Журналистлар тадқиқот маркази раиси Хуршид Атоуллоев фикрича, мақола муаллифлари киши шахсини ҳақоратлаш ёки унинг шахсий ҳаётига тегишли бирор гап айтмаган.

“Даъвогар Р.Раҳимова “Имрўз” радиосига берган интервъюсида бу муаллифларни судга тортишдан мақсади бошқа журналистларнинг ҳам кўзини қўрқитиб қўйиш эканини очиқдан-очиқ тан олган. Бу ҳам жамиятимизда сўз эркинлигини чеклашнинг ўзига хос усули мавжудлигидан дарак”, - деди Хуршид Атоуллоев.

Аммо хонанданинг адвокати Баҳодир Исматзода мақолани таҳлил қилган Фанлар академияси тилшунослари унда Райҳонага нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатилган, деган хулосага келганини билдирди.

“Мақола муаллифларининг судга тортилиши асоссиз эмас. Мақолада кўча гаплари ишлатилиб, Р.Раҳимованинг шаъни ҳақоратланган. “Овоза” газетаси журналистлари айтган сўзи учун қонун олдида, албатта, жавоб бериши шарт”, - деди Баҳодир Исматзода.

Райҳона ҳам ўз даъвосидан воз кечмаслигини таъкидламоқда.

Унинг сўзларига кўра, журналистлар айбига иқрор бўлиб кечирим сўраганида иш судгача бормаслиги мумкин эди. Энди эса уларнинг тақдири судга ҳавола.

Хонанда мақола унга шахсий хусуматда бўлган душманларининг махсус буюртмаси бўйича ёзилганини даъво қилаётир. Аммо мақола муаллифлари буни рад этади.

“Мақсадимиз тожик санъатида мавжуд айрим нуқсонларни тузатишдан ўзга нарса эмас эди. Мен суд адолатли ҳукм чиқаришига ишонаман”, - деди мақола муаллифларидан бири Муҳайё Нозимова.

Агар суд журналистларни айбдор, деб топса, улар 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум этилиши ёки ўз соҳасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
XS
SM
MD
LG