Линклар

logo-print

Қозоғистонда хитойликлар сони кўпаймоқда


Қозоғистон расмийлари жорий йилда мамлакатга Хитойдан 100 мингга яқин меҳнат муҳожири келгани, уларнинг атиги 5 минг нафари расмий қайддан ўтиб яшаётганини маълум қилмоқда.

Хитойдан келаётган ноқонуний мигрантлар оқими кўпайиб бораётгани маҳаллий халқ томонидан салбий қарши олиняпти. Уларнинг бир қисми хитойликларни мамлакат меҳнат бозорида жиддий рақобат юзага келишига асосий сабабчи бўлаётгани учун ёқтирмаса, кўпчилиги шунчаки ёмон кўришини билдираётир.

Гарчи чегарадош бўлса-да, қозоғистонликлар Хитой ва унинг халқи ҳақида жуда кам маълумотга эга. Қозоғистон ғарбида яшайдиган аҳолининг ҳар иккинчиси, бошқа ҳудудларидаги аҳолининг 18 фоизи хитойликларни ҳеч қандай сабабсиз ёмон кўриши маълум бўлди. Хитойликларга нисбатан толерант муносабатда бўлган ҳудуд Олмаота экан.

Хитойдан келган ўралмон журналист Жадиша Кенлонинг айтишича, аслида Қозоғистонда турли ишлар билан банд бўлган ва мамлакатда вақтинча истиқомат қилаётган хитойликлар сони бир миллионга яқин.

Қозоғистон миграция органлари, хусусан, маҳаллий аҳоли ҳам сўнгги вақтларда мамлакатда хитойликлар сони кун сайин кўпайиб бориши хитойликлар экспансиясини юзага келтириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Парламент депутати Валихон Қалийжон хитойликлар Қозоғистон фуқаролигини олиш учун маҳаллий қизларга уйланаётганини айтади.

Россия Фанлар академияси ҳузуридаги Миграция тадқиқотлари марказининг МДҲ ва Болтиқбўйи давлатларида миграция масалалари бўйича эксперти Елена Садовская сўнгги пайтларда Россия ва Қозоғистонга хитойликлар миграцияси кучайганига қарамай, улар сони бўрттириб кўрсатилаётганини билдирди.

“Хитойликларнинг кўпчилиги Қозоғистон ғарбига кўчиб келмоқда,- дейди Е.Садовская. – Ғарбдаги қозоғистонликларнинг ҳар иккинчиси хитойликларни шунчаки, ҳеч бир сабабсиз ёмон кўришига гувоҳ бўлдим. Лекин хитойликлар тўғрисида маҳаллий аҳоли ичида шаклланган салбий фикрларга асос йўқ. Чунки хитойликлар Қозоғистонда “Чайна таун”лар ташкил этаётгани йўқ. Хитойликлар ўртасида жиноятчилик жуда кўп эмас. Уларнинг қозоғистонликлар билан оммавий турмуш қуриш ҳолатлари ҳам, Қозоғистон фуқаролигини оммавий равишда олиш ҳолатлари ҳам йўқ”.

Унинг айтишича, хитойликлар Ғарб давлатларига интилаётир ва бугунги кунда Россия ёки Қозоғистон хитойлик мигрантларни ўзига жалб этаётган давлатлар сирасига кирмайди.

Е.Садовская Хитойда меҳнатга лаёқатли ортиқча ишчи кучи 150 миллион кишини ташкил этиши, шунинг учун улар четдан иш излашга мажбур эканини таъкидлади.

Ҳозир Хитой аҳолисининг сони бир миллиард 300 миллион кишидан ортиқдир. Хитойда йилига 15 миллион гўдак дунёга келади ва бу Қозоғистон аҳолисининг умумий сонига тенгдир.
XS
SM
MD
LG