Линклар

logo-print

Ҳуқуқ ҳимоячилари ўз жамиятини Швецияда рўйхатдан ўтказди

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистондан ташқарида яшаётган кўпгина инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини ўз сафига бирлаштирган Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари халқаро жамияти Швецияда расмий рўйхатдан ўтказилди.

“Озодлик” мухбири таъсис этилганига бир йилдан сал кўп вақт ўтган ушбу жамият раиси Муҳиддин Қурбонов билан суҳбатлашди.

Унинг сўзларига кўра, Андижон воқеаларидан кейин кўплаб мустақил журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва умуман мустақил фикрловчи кишилар Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган.

“Шунинг учун ватандан ташқаридаги ҳуқуқ ҳимоячилари уюшишга қарор қилдик. 2006 йил 21 июль куни ўтказилган таъсис қурултойига 9 давлатдан 21 киши қатнашган эди. Ҳозир элликка яқин аъзомиз бор. Украина, Норвегия, Бельгияда жамиятимиз бўлимлари очилган”, - деди М.Қурбонов.

Унинг таъкидлашича, юртидан ташқаридаги кўпгина ўзбекистонликлар бошпана ололмай, депортация қилиниш хавфи остида қолмоқда. Жамият ана шундай шахсларга ёрдам бераётир.

“Масалан, Швецияда бир ўзбекистонликка ёрдам бердик. Келганига 10 ой бўлган экан. Депортация қилинаётган пайтда биз аралашдик ва унга Швецияда доимий яшаш ҳуқуқи берилди. Швециянинг Мальмё шаҳридан Муҳаммаджон исмли йигит ҳам мурожаат қилди. Лекин унинг иши оғир эди. Миграция хизмати уни депортация қилишга қаттиқ туриб олди. Охири биз судлашдик ва ютиб чиқдик. Муҳаммаджон Швециядан чиқариб юборилмайдиган бўлди. Қозоғистонда жон сақлаётган 10 юртдошимизнинг ҳам Швецияга олиб келинишига ўз таъсиримизни ўтказдик”, - деди М.Қурбонов.

Эслатиб ўтамиз, ватанни тарк этишга мажбур бўлгунича М.Қурбонов Ўзбекистонда, асосан, Жиззах вилоятида 1996 йилдан буён инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган.
XS
SM
MD
LG