Линклар

Шавкат Мирзиёев президент бўлмоқчи эмас, ҳозирча

  • Алишер Сиддиқ

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг эҳтимолий ворисларидан бири сифатида кўриладиган бош вазир Шавкат Мирзиёев жорий йил охирига белгиланган президент сайловига ўз номзодини қўймайди.

Бу ҳақда бош вазирнинг матбуот котиби Шерзод Қудратхўжаев “Озодлик” радиосига маълум қилди.

Унинг айтишича, Ш.Мирзиёев президент командасидан бўлгани сабабли сайловга ўз номзодини қўймайди. Айни пайтда бош вазир ва унинг бутун маҳкамаси сайлов олдидан ўзининг одатий юмушлари билан банд.

Постсовет давлатларда катта сиёсий ўзгаришлардан аввал мамлакат раҳбарининг эҳтимолий ворислари ҳақида кўпроқ эшитишга одатланилган. Аммо яқинлашаётган президент сайловидан олдин Ўзбекистонда И.Каримовга ҳокимиятда ворис бўлиши тахмин қилинган шахсларнинг дами ичига тушгандек. Уларнинг ўрнига Оқсарой назоратидаги сиёсий партияларнинг мавҳум номзодлари олдинги сафга чиқди.

Шавкат Мирзиёев 2003 йилда бош вазир лавозимига тайинланишидан аввал Самарқанд ҳокими бўлганидан бери президентнинг ворисларидан бири сифатида кўрилади.

Тошкентлик сиёсатшунос Искандар Худойберганов И.Каримовнинг бундай сценарийга мойиллиги бўлганида, бош вазирнинг президент этиб сайланиши қийин кечмаслигини айтди.

И.Каримовнинг ҳокимиятдаги эҳтимолий ворислари ҳақидаги гаплар 2003 йил бошида авж олган эди. Бунга унинг саломатлиги ёмонлашгани ҳақидаги овозалар сабаб бўлганди.

Ўша пайтда президентликка реал номзод сифатида кўрилганлар мамлакатда яхши танилган одамлар эди. Булар эндиликда собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматов, собиқ бош вазир Ўткир Султонов, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Козим Тўлаганов, бош вазирнинг собиқ ўринбосари Мираброр Усмонов, Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов, молия вазири Рустам Азимов, парламент раиси Эркин Халилов ва бош вазир Шавкат Мирзиёевдир. Бугунга келиб уларнинг кўпчилиги ҳокимиятдан четлатилган.

“Қолганлари ҳам президент бўлиш истагини ичида сақлайди, - дейди мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев. - Рустам Азимов ёки Шавкат Мирзиёев номзодини қўйганда уларнинг вазни оғирроқ бўларди. Лекин улар Ислом Каримовдан ниҳоятда қўрқади. Бошқа реал куч МХХдир. Аммо Рустам Иноятов ҳам фақатгина Ислом Каримов ёшини яшаб бўлганидан кейин ўзини намоён этиши мумкин. Президентнинг қизи Гулнорани кўпчилик сиёсий арбоб сифатида кўрмайди. Шунинг учун Ислом Каримов ўзи соғ экан, ҳеч қачон бошқа одамга имконият бермайди”.

Эҳтимолий ворислар рўйхатида Гулнора Каримова ҳам пайдо бўлган эса-да, реал ворислар сони камаяётгандек. Ўзбекистонда ҳокимиятнинг тобора бир одам қўлида жипслашаётганини кимдир кучли авторитаризм, яна кимдир диктатура ёки хунта, деб атамоқда.
XS
SM
MD
LG