Линклар

logo-print

Ўзбекистонда коррупция ҳокимият даражасидан жамият даражасига тушган

  • Сарвар Усмон

“Gallup” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўров натижаларидан ўзбекистонликларнинг 34 фоизигина коррупция даражаси совет давридагига нисбатан ўсган, деб ҳисоблаши маълум бўлди.

Қолган 14 собиқ совет республикаси аҳолиси ўз мамлакатларида коррупция аввалгидан ёмон, деб ўйлайди. Масалан, россияликларнинг 75 фоизи коррупция совет давридагидан кучлироқ эканини айтган.

Лекин “Transparency International” ташкилоти хулосаси бу натижанинг мутлақо аксидир. Ташкилотнинг ўтган ҳафтада эълон қилинган ҳисоботида келтирилишича, Ўзбекистон коррупция даражаси энг юқори бўлган 5 давлатнинг бири. Фақат Мьянма, Сомали, Ироқ ва Гаитидагина аҳвол Ўзбекистондагидан ёмонроқ.

Жамиятшунос Камолиддин Раббимов фикрича, Ўзбекистонда коррупция ҳокимият даражасидан жамият даражасигача етган. Ҳатто болалар боғчалари ва мактабларда ҳам коррупция элементлари мавжуд. Лавозимларни сотиш эса одатий ҳолга айланган.

“Президент девонининг кадрлар бўлими бор. Мазкур бўлим ҳар бир вилоят ва туман ҳокимлиги учун муқобил номзодларни кўриб чиқиш билан шуғулланади. Номзодлар билан бўлим ходимлари ўртасида савдо бошланади. Масалан, Каттақўрғон Самарқанд вилоятидаги туманларнинг энг иқтисодий бақувватидир. Бир неча йил олдинги маълумотларга кўра, бу туман ҳокими лавозими нархи тахминан 200 минг доллар атрофида, деб эшитганман”, - дейди К.Раббимов.

Коррупция мутлақо йўқ давлатнинг ўзи йўқ. Лекин унинг даражаси ўта паст давлатлар бор. Улар қаторига Дания, Янги Зеландия, Финляндия, Сингапур, Швеция каби давлатлар киради.

“Gallup” маркази саволларига жавоб берган ўзбекистонликларнинг учдан биригина коррупция даражаси совет давридагидан баланд, дебди. “Transparency International” эса Ўзбекистонни коррупцияга ботиб кетган бешликка қўшган.

Хўш, буни қандай тушуниш лозим?

Профессионал жамиятшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистондаги “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида қарийб 4 йил илмий ходим бўлиб ишлаган.

“Сўров пайтида одамлар самимий жавоб бериши учун саволнинг қандай берилиши жуда муҳим. Бизнинг жамиятда объектив саволга объектив жавоб беришдан қўрқиш жуда кучли. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда жамоатчилик фикри қўрқув билан бойитилган, шунинг учун у самимий эмас”, - дейди К.Раббимов.

Таҳлилчи Аҳмаджон Мадумаров эса бир масаладаги 2 тадқиқот натижалари бир-бирига зидлигини сўров ўтказувчиларнинг вилоятлардаги аҳвол билан яқиндан таниш эмаслигидан, деб билади.
XS
SM
MD
LG