Линклар

Марказий осиёлик аёллар суррогат оналарга айлантирилмоқда

  • Барно Анвар

Арманистонда бўлиб ўтган МДҲ мамлакатлари бош прокурорлари мувофиқлаштирувчи кенгаши йиғилишида аъзо давлатларда уюшган жиноятчилик ва одам савдосига қарши кураш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда дунё бўйлаб йилига 7-10 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад келтирадиган одам савдоси билан шуғулланувчиларнинг аксарияти МДҲдан экани тан олинди. Сотилаётган одамларнинг асосий қисмини эса аёллар ва болалар ташкил этаётгани эътироф этилди.

Кенгаш матбуот котиби ёрдамчисининг “Озодлик”ка айтишича, учрашувда одам савдоси бўйича Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида 2008-2010 йилларда амалга оширилиши мўлжалланган дастур қабул қилинган.

Бироқ у қабул қилинган дастур нималарни кўзда тутади ва умуман, МДҲда одам савдосига қарши кураш қандай, қай йўллар билан амалга оширилмоқда, қанча одам қулликдан қутқарилди ёхуд қанча одам шу жиноят билан шуғуллангани учун жазога тортилди каби саволларга жавоб бермади.

МДҲ мамлакатлари, хусусан, Марказий Осиё давлатларида одам савдосига қарши кураш билан шуғулланаётган нодавлат ташкилотлар Ереванга йиғилган прокурорлар бу борада жиддий ишларни амалга ошираётганига ишонмайди. Улар тақдим қилаётган маълумотлар ҳам буни тасдиқлайди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги муаммолар, хусусан, одам савдоси масалалари билан ҳам шуғулланувчи “Ҳаво” (“Воздух”) ташкилоти раҳбари Азимжон Асқаров Қозоғистонга ва Россияга олиб борилиб, қул сифатида сотиб юборилаётган шахсларга оид ҳолатлар, айниқса, кейинги икки-уч йил ичида жуда кўпайганини айтади.

Унинг сўзларига кўра, меҳнат муҳожирларининг бора-бора қулларга айланиб қолишига оид ҳолатлар деярли одатий бўлиб қолган. Кейинги вақтларда эса марказий осиёлик аёллар Россия ҳудудидаги жиноий гуруҳлар томонидан сотиб олиниб, суррогат оналарга айлантирилиши ҳоллари кузатилмоқда.

“Яқинда жалолободлик йигит ташкилотимизга мурожаат қилди. Россиядаги жиноий гуруҳлардан қарз бўлиб қолган ва 3 минг доллар қарзи эвазига хотинини уларга сотишга мажбур бўлган. Бу гуруҳлар сотиб олинган аёллардан суррогат оналар сифатида фойдаланар экан. Яъни суррогат она сифатида фойдаланиш учун соғлом, кўркам ва барваста аёлларни танлаб, уларга 3 минг доллардан 5 минг долларга қадар пул тўлашади. У аёл билан бирга яшаб, уни туғдириб, кейин болани чет элга сотар экан. Буни тасдиқловчи далиллар бизда бор”, - деди Азимжон Асқаров.

Россияда марказий осиёлик аёллар қул тарзида сотиб олиниб, суррогат оналарга айлантирилиши ва мардикор аёллардан болалари сотиб олиниб, уларнинг тана аъзолари хорижга сотилиши ҳоллари ҳам кўпайганини Қирғизистон жанубида фаолияти юритувчи “Қонун ва тартиб” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳам тасдиқлайди. Ушбу ташкилот сўнгги йиллар давомида бунга оид ҳолатлар қайд этилган бир неча ҳисобот эълон қилган.

“Одам савдоси МДҲ ҳудудида йил сайин авж оляпти ва бу бизнес билан шаклланган жиноий гуруҳлар шуғулланяпти. Айниқса, аёллар бу бизнесга кенг жалб қилинган. Яқиндагина қорасувлик икки аёл андижонлик йигитни Жанубий Кореяга жўнатамиз, деб пулини олган ва қирғизистонлик бир фуқаронинг паспортини 2 ойга ижарага олиб, унга бу йигитнинг суратини ёпиштириб, чегарадан олиб ўтган. Кейин эса Олмаотага олиб бориб, кореялик жиноий гуруҳга сотган вақтда аниқлаб, йигитни ортга қайтардик”, - дейди “Қонун ва тартиб” раҳбари Изаттила Раҳматуллаев.

Унинг ташкилотида, шунингдек, Россияга бориб, болаларини сотаётган ва кейин бу болаларнинг тана аъзолари олиниб сотилаётганига оид ҳолатлар ҳақида ҳам талайгина маълумотлар йиғилган.

“Йиғилаётган маълумотларни таҳлил қилиб, одам савдоси билан шуғулланаётган жиноий гуруҳлар айнан МДҲдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иштирокида фаолият кўрсатаётганини аниқладик. Бунга оид далилий маълумотлар ҳам бор бизда. Яъни одам савдосининг кенгаяётганига биринчи сабаб бунга қарши жазо қонунчилигининг жуда ҳам енгиллигидир. Икккинчиси эса давлат идораларининг курашмаслигидир”, - дейди Изатилла Раҳматуллаев.
XS
SM
MD
LG