Линклар

Қозоғистондаги ўзбекистонликларнинг аксарияти юртидаги сайловдан бехабар


Ҳозир Қозоғистонда тирикчилик қилиб юрган юз минглаб ўзбекистонликларнинг аксари 23 декабрь куни ўз юртида президент сайлови бўлиб ўтишидан хабарсиз экани маълум бўлди.

Қозоғистон Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ҳозир мамлакатда ўзбекистонлик бир миллиондан зиёд нолегал меҳнат муҳожири истиқомат қилади. Мамлакатда ишлаётган жами легал меҳнат муҳожирларининг 70 фоизини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади. “Озодлик” мухбири ўз юртидан узоқда бўлган муҳожирларнинг айримлари билан суҳбатлашиб, уларнинг аксари Ўзбекистонда бўладиган президент сайловидан хабарсиз эканини пайқади.

Ўз исмини айтишни истамаган чирчиқлик 1,5 йилдан бери юртида бўлмагани, шу сабабли Ўзбекистон ички ҳаётида қандай ўзгаришлар содир бўлаётгани, жумладан, бўлиб ўтиши кутилаётган президент сайловидан ҳам хабари йўқлигини билдирди. У сайлов мамлакатда ҳаёт яхшиланишига олиб келишига ишонмаслиги, шунинг учун унга катта аҳамият бермаётганини қўшимча қилди.

Тошкентлик суҳбатдош Музаффар эса Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси бу ердаги юртдошларининг сайловда иштирок этишини ташкил қилса, президент сайловида қатнашиши айтди.

“Сайловда қатнашмоқчи бўлган номзодлар ҳақида билмайман. Тузук номзод бўлса, одамлар қандай овоз бераётганига қараб биз ҳам ўшани сайлайверамиз”, - деди Музаффар.

Олмаотада яшаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аксари амалдаги президент Ислом Каримовнинг лавозимида қолишини истамаслиги маълум бўлди.

“Каримов ўз ишида қолса, аҳвол ўзгармайди. Тўғри сиёсат юритганида биз шу ёқларга келиб ишлармидик? Ўзбекистоннинг ярми шу ерда-ку”, - дейди Музаффар.

Фарғоналик Гулчеҳра эса президентлар ҳар беш йилда ўзгариб туриши тарафдори эканини билдирди.

“Чунки янги президент келганда ҳар ҳолда халққа яхши ҳаёт ваъда қилади. Шуни қилишга интилади. Шунинг учун президент ҳар 5 йилда ўзгаргани дуруст. Ўзбекистонда эса салов хўжакўрсинга ўтказилаётганга ўхшайди”, - деди Гулчеҳра.

Қозоғистонда яшаётган ўзбекистонликлар билан сайлов ҳақида очиқча гаплашиш жуда қийин кечди. Аммо уларнинг ўз юртида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга қизиқиши суст ёки бу ҳақда умуман фикри йўқ, деб бўлмайди.

Уларнинг кўпчилиги ўз юртидан ташқарида бўлса-да, вақти келиб Ўзбекистонга қайтишини айтиб, сиёсий мавзуларда гаплашишдан қочди. Бу қўрқув сабабини эса изоҳлашнинг ҳожати бўлмаса керак.
XS
SM
MD
LG