Линклар

ФХХ ва МХХ янада яқинроқ ҳамкорлик қилади

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистон ва Россия махсус хизматлари вакилларининг Бухорода бўлиб ўтган бешинчи учрашуви чоғида томонлар ўзаро янада яқин ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Россия ахборот агентликларининг хабар беришича, учрашувда Россия делегациясига Федерал хавфсизлик хизмати директори Николай Патрушев, Ўзбекистон делегациясига Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов бошчилик қилган. Унда икки давлат хавфсизлик идоралари ўзаро ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболларини муҳокама этган ва сўзлашувларнинг натижаси ўлароқ, халқаро терроризм ва экстремизмга қарши кураш борасида ҳамкорликни янада кучайтириш борасида келишган. Хусусан, музокараларда дастлабки терговни ўзаро мувофиқлаштирган тарзда олиб бориш ва Ўзбекистон хавфсизлик идоралари ходимларини ФХХга қарашли билим даргоҳларида тайёргарликдан ўтказиш борасида келишув имзоланган.

Бухорода бўлиб ўтган учрашув ҳақида шундан ортиқ маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Москвадаги МДҲ институти таҳлилчиси Владимир Жарихин фикрича, террор хавфи кучайган айни пайтда икки давлат ўртасида бундай ҳамкорликнинг юксалиши жуда муҳим.

Аммо баъзи таҳлилчилар Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик идораларининг бундай ҳамкорлигидан асосий мақсад рангли инқилоблар рўй бериши олдини олиш ва террорчиликка қарши кураш баҳонасида ўзгача фикрловчиларни биргаликда таъқиб этиш эканини айтади.

Россия ФХХ раҳбари Николай Патрушевнинг ўзи ҳам бу борада кўп гапирган. Ўтган йили МДҲ махсус хизматларининг Душанбеда ўтган йиғинида Н.Патрушев собиқ СССР ҳудудида хорижий давлатларнинг жосуслик хизматлари фаолиятига қарши курашиш лозимлиги ҳақида гапириб, хорижий давлат ва нодавлат ташкилотларини жосуслик фаолиятини юритаётганликда айблаган эди. Ҳозир Н.Патрушев бошқа собиқ шўро давлатларига ҳам худди шу нарсани уқтирмокда.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фелгенгауэр таъкидича, Грузия, Украина ва Қирғизистонда ҳукумат тўнтаришларига сабаб бўлган рангли инқилоблар постсовет маконидаги авторитар раҳбарларни чўчитиб қўйган.

“Шунингдек, исломчиларнинг ҳокимият тепасига келишига сабаб бўлувчи инқилоб хавфи ҳам бор. Буни эса Россия ҳам, Ўзбекистон ҳам хоҳламайди”, - дейди Павел Фелгенгауэр.

Ўзбекистон ва Россия хавфсизлик идоралари ўртасидаги ҳамкорлик ўзбек мухожирлари тақдирида ҳам ўз аксини топмоқда. Андижонда 2005 йил 13 майда ҳукумат кучлари тинч намойишчиларни ўққа тутиши билан боғлиқ қонли воқеалар ортидан юзлаб ўзбекистонлик ўз ватанини тарк этди. Паноҳ излаб Россияга борган ўзбекистонлик қочқинларнинг кўпчилиги қийноқлар ва ўлим хавфи бўлишига қарамай, Ўзбекистонга топширилди.

“ФХХ ва МХХ ўртасидаги ҳамкорликнинг кучайиши Россияни аллақачон ўзбек қочқинлари учун хавфли ҳудудга айлантирди. Ҳамкорлик кучаяр экан, ўзбек қочқинларининг қийноқлар ва ўлим хавфи бор мамлакатга бериб юборилиши хавфи ҳам ортиб бораверади”, - дейди Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина.

Унинг сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ислом фундаментализми, терроризм ва экстремизм хавфини ҳаддан зиёд бўрттириб кўрсатиб, шу баҳонада ўзгача фикрловчиларни таъқиб қилаётгани аниқ фактдир.
XS
SM
MD
LG