Линклар

logo-print

Иқлим ўзгариши Альберт Горга Нобель мукофотини олиб келди


Аваз Алиев АҚШнинг собиқ вице-президенти Альберт Гор ва БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро комиссияси 2007 йилги Нобель тинчлик мукофотига лойиқ топилди. Ғолиблар 181 номзод ичидан танлаб олинди.

Нобель мукофоти қўмитаси Альберт Гор ва БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг ер юзида глобал иқлим ўзгариши бўйича амалга оширган ишларини юқори баҳолади.

“Келажакда ер юзида иқлим ўзгариши аломатлари жиддий қабул қилиниши лозим. Давом этаётган иқлим ўзгариши инсониятга таҳдид солиши мумкин. Бу, ўз навбатида, миграция кўлами кенгайишига сабаб бўлиб, табиий захиралар учун кураш кучайишига олиб келиши мумкин. Бундай ўзгаришлар жаҳоннинг заиф давлатларига катта юк бўлади. Шунингдек, бу ўзгаришлар келажакда давлатлар ўртасидаги уруш ва зўравонликларга олиб келиш хавфи ҳам мавжуд”, - деди Нобель қўмитасининг Норвегия бўлими раҳбари Оле Данболт Моес.

59 ёшли Альберт Гор Билл Клинтон президентлиги даврида АҚШ вице-президенти лавозимида ишлаган. 2000 йилда эса АҚШ президентлигига ўз номзодини қўйиб, мамлакатнинг амалдаги президенти Жорж Бушга мағлуб бўлган.

Катта сиёсатдан чекинган Альберт Гор АҚШ университетларида глобал иқлим ўзгариши муаммосидан дарс бера бошлади.

Мазкур соҳада қилган изланишлари ва олган билимларидан Альберт Гор “Аччиқ ҳақиқат” номли ҳужжатли фильм яратди. Унинг бу фильми жорий йил бошида Америка киноакадемиясининг “Оскар” мукофотига сазовор бўлди.

БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро комиссияси жорий йил бошида ҳисобот эълон қилган эди.

Бу ҳисоботни тайёрлашда 130 давлатдан 2,5 мингдан зиёд олим қатнашган. Ҳужжатда атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар Ер атрофига тўпланиб, иссиқлик сақланиб қолишига сабаб бўлаётгани далиллар билан исботланган.
XS
SM
MD
LG