Линклар

Ҳайитда кимдир байрам қилади, кимдир пахта теради


Бу йил дунёнинг аксарият мусулмон мамлакатларида 12 октябрь куни нишонланган Ийди рамазон айрим давлатларда, жумладан, Ўзбекистонда 13 октябрь куни байрам қилинади.

Ҳайитнинг турли кунларга тўғри келишини мамлакатларнинг географик жойлашувига қараб, ойнинг бир кун олдин ёки кейин кўриниши билан изоҳланади.

“Озодлик” мухбири ўзбекистонликларнинг айримлари билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳайитга тайёргарлиги билан қизиқди.

“Ош қилиб қўшниларга тарқатдик. Улар ҳам бизга ош, ширинликлар олиб чиқди. Эртага барча яқинларимиз ҳолидан хабар оламиз. Саксон ёшли онамиз бор. Албатта, уни бориб кўрамиз. Ҳайитда янги кўйлак кийиш шарт дейишади-ку, шунинг учун фарзандларга, ўзимизга янги кийим-бош олдик. Яқинларимизга ҳайитликка турли хил совға-саломлар тайёрлаб қўйдик”, - дейди дастлабки суҳбатдош.

Навбатдаги суҳбатдош эса уйида янги келини борлиги, маҳалла-куйга ҳайитлик қилиб бериши, уч кунгача келин салом қилиб, меҳмон кутишини билдирди.

Лекин ҳамма ҳам байрам кайфиятида эмас кўринади. Хоразмлик суҳбатдош қишлоқларда одамлар пахта терими билан банд экани, ҳайитда ҳам барча пахтага чиқиши ҳақида буйруқ берилганини айтди.

“Ҳатто биринчи синф ўқувчилари ҳам пахта теримига жалб қилинган. Бундай шароитда кимнинг ҳам кўнглига байрам сиғарди? Бир пайтлари ҳайитда янги кўйлак кийиш керак, деган гаплар бўлади. Кейинги йилларда бу гаплар ҳам қолиб кетди. Шахсан ўзим янги кўйлак харид қилмаганимга анча бўлди. 90 фоиз аҳолининг ҳайитда янги кийим кейишга, байрам қилишга имкони йўқ. Иқтисодий жиҳатдан ночор яшаяпти кўпчилик одамлар. Фақат қорин ғами бўлиб қолган. Кейинги пайтда ун билан ёғнинг қимматлагани ўлганнинг устига тепган бўляпти”, - деди хоразмлик суҳбатдош.

Айрим маълумотларга кўра, Ўзбекистондан ташқарида 3 миллионга яқин ўзбек мардикорлик билан машғул. Ҳатто узоқ Чехияда ҳам ўнлаб ўзбек мардикорлари топилади.

12 сентябрь куни Прагадаги масжидлардан бирида бошқа мусулмонлар қатори юзга яқин ўзбек ҳам ҳайит намозига келди. “Озодлик” мухбири уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

Улардан бирининг айтишича, бу масжидга намозга келганларнинг 80 фоизини ўзбеклар ташкил этади. Бу ердаги ўзбеклар завод ва фабрикалар, қурилишларда ишламоқда. Ўқишга келганлар ҳам анчагина.

“Мен Қашқадарёданман, - дейди бир суҳбатдош. - Оилам ўша ёқда. Мен икки йилдан буён бу ерда мардикорлик қиляпман. “Озодлик” орқали оиламни, Қашқадарёдаги барча қариндошларимни ҳайит билан қутлайман. Тезроқ фарзандларим билан учрашиш насиб қилсин...”.

Ийди рамазон муносабати билан “Озодлик” билан суҳбатлашганлар Ўзбекистон аҳлини ҳайит билан қутлади, яхши кунларга тезроқ етишиш барчага насиб этишини тилади.
XS
SM
MD
LG