Линклар

Остонада ўзбекистонлик қуллар озод этилди


Остона ҳуқуқ-тартибот идоралари қозоғистонлик иш берувчилар томонидан қулликда сақланган ўзбекистонлик эркаклар ва фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилинган аёлларни озод этди.

Остона шаҳри ички ишлар департаменти матбуот хизмати бош инспектори Элмира Шауленова Ўзбекистон фуқароларини уюшган жиноий гуруҳ меҳнат эксплуатациясига мажбурлаганини маълум қилди.

“Остонадаги “Монолит-строй” қурилиш компаниясида прораб бўлиб ишлайдиган Ўзбекистон фуқароси Шуҳрат Юнусов маҳаллий иш берувчи бир неча юртдошини эксплуатация қилаётгани юзасидан шикоят билан мурожаат этди. Ходимларимиз ўтказган махсус операция давомида қозоғистонлик иш берувчи томонидан ўз хоҳишига қарши ишлатилаётган ўзбекистонлик 4 эркак озод этилди. Иш берувчи уларга бир тийин тўламагани, барча ҳужжатларини олиб қўйгани, қочиб кетган тақдирда қурол ишлатиш билан дўқ-пўписа қилгани аниқланди”, - деди Элмира Шауленова.

Унинг айтишича, Жамбил вилоятида ҳам ўзбекистонлик 4 кишини қулликда сақлаган қозоғистонлик фуқаро қўлга олинган. Унинг ёнидан ўзбекистонлик фуқароларнинг ҳужжатлари, 15 минг танга ва 1800 АҚШ доллари ҳамда Ички ишлар вазирлигида қайддан ўтган ПМ русумли тўппонча топилган.

Шунингдек, Э.Шауленова Остона шаҳридаги темир йўл вокзали, бир нечта кўчалар ва ижарага топширилаётган хонадонларда ўтказилган профилактика рейди давомида қозоғистонлик 45 аёл қаторида ўзбекистонлик 8 хотин-қиз қўлга олингани ва ҳозир ички ишлар департаменти изоляторида сақланаётганини маълум қилди.

Э.Шауленова сўзларига кўра, ўзбекистонлик бу қизлар Қозоғистонга ишлаш мақсадида таклиф қилинган, аммо кейинчалик маҳаллий иш берувчилар уларнинг ҳужжатини олиб қўйиб, фоҳишаликка мажбурланган.

“Ҳозир ўзбекистонлик қизларнинг ҳужжатларини тиклаш ва уларни юртига қайтариб юбориш чоралари кўриляпти. Улар ҳақида бошқа тафсилотларни айта олмайман. Фақат улар 18дан 23 ёшгача бўлган қизлар эканини айтишим мумкин”, - деди Э.Шауленова.
XS
SM
MD
LG