Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:36

Тожикистон эскирган ракета тезлатгичларини йўқотишга киришди


Душанбе шаҳри яқинидаги ҳарбий полигонда совет давридан қолган эскирган ракета тезлатгичларини зарарсизлантириш бошланди. Бу ерда ўтган асрнинг 70-йилларидан қолган 108 та ракета тезлатгичи сақланаётганди.

Бу тадбир Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти лойиҳаси асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳа учун Андорра, Бельгия, Финляндия, Норвегия, Словения, Испания, Швеция ва АҚШ томонидан 1,5 миллион евро маблағ ажратилган. Россия томони эса лойиҳада техник ва ҳарбий эксперт сифатида қатнашмоқда.

ЕХҲТнинг Душанбедаги ҳарбий аташшеси Александр Аношкин сўзларига кўра, СА-75 тоифали жанговар ракета тезлатгичлари Тожикистондаги ички низолар вақтида ҳам Душанбе яқинидаги ҳарбий базада сақланган. Лекин уларнинг бирортаси ҳам ишлатилмаган.

“Бу жанговор ракеталарнинг Тожикистон ҳудудида сақланиб қолиши унинг миллий хавфсизлиги учун хатарлидир. Агар улар бирор террорчи гуруҳ қўлига тушиб қолса, оқибати салбий тугаши табиий. Россияда собиқ иттифоқнинг эскирган ракета тезлатгичлари бундан 15 йил илгари йўқ қилинган эди”, - деди ЕХҲТ ҳарбий аташшеси.

Унинг билдиришича, Тожикистон ҳукумати бу эски ракета тезлатгичларини йўқ қилишда ёрдам сўраб ЕХҲТга 2006 йилда мурожаат қилган.

Ҳар бирида 300 килограммдан тротил мавжуд бу тезлатгичларни йўқ қилиш тадбирида хорижий давлатлар элчилари ҳам иштирок этди.

ЕХҲТнинг Душанбедаги элчиси Владимир Пряхин мазкур лойиҳа ташкилотнинг энг йирик лойиҳаларидан бири эканини маълум қилди.

“Рамзий қилиб айтганда, бугун биз Тожикистонда собиқ иттифоқ давридан қолган совуқ уруш кўланкасини дафн этдик. Чунки бу қуроллар учинчи жаҳон уруши учун мўлжалланган эди”, - деди Владимир Пряхин.

Тожикистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Рамил Нодиров ЕХҲТ ва донор мамлакатларга ўз ҳукумати номидан миннатдорлик билдирди.

“Бугун биз Тожикистон Мудофаа вазирлиги, Россия ва ЕХҲТ ўртасидаги самарали ҳамкорлик натижаси гувоҳи бўлдик. Фуқаролар уруши чоғида Тожикистоннинг ичида, Ўзбекистон ва Афғонистон билан чегара ҳудудларида пиёдаларга қарши саноқсиз миналар кўмилган эди. Бугунги тадбир давоми ўлароқ, бу ҳудудлар ҳам миналардан тозаланишига умид қиламиз”, - деди Рамил Нодиров.

Тожикистонда жанговар ракеталар тезлатгичларини йўқ қилиш тадбири ноябрь ойи охирида якунланади.
XS
SM
MD
LG