Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:00

Алишер Усмоновнинг сиёсий амбициялари Ўзбекистонда амалга ошиши мумкин...ми?


Сўнгги вақтларда саховатпешалик амаллари билан жамоатчилик эътиборига тушган россиялик миллиардер Алишер Усмоновни Ўзбекистоннинг амалдаги президентига ворис сифатида кўраётганлар ҳам учрамоқда.

Алишер Усмонов Россиядаги энг бадавлат инсонлардан биридир. Унинг бойлиги қарийб беш ярим миллиард доллар баҳоланади. Бунақа мол-дунёси бўлишига қарамай, у ҳақда кам одам билар эди. Ҳозир бизнес империяси кон металлургияси, медиа ва спорт соҳаларини қамраб олган 54 ёшли миллиардер ҳам Европа, ҳам Россияда ахборот воситалари эътиборига тушиб улгурди.

Ўтган ойда А.Усмонов таниқли рус созандаси Мстислав Ростропович ва рафиқаси Галина Вишевскаяга тегишли, Лондондаги “Sotheby's” аукционида кимошди савдосига қўйилиши режалаштирилган шахсий буюмлар коллекциясини сотиб олиб, уларни Санкт-Петербург музейига ҳадя қилди.

“Sotheby's” мутахассисларининг айтишича, Ростропович коллекциясидаги суратлар, шиша, чиннидан ишланган буюмлар жами 26-40 миллион долларга сотилиши мумкин эди.

“Энг бошидан рус санъатининг ушбу ажойиб коллекциясини сақлаб қолиш ва уларни мамлакатга қайтаришни мақсад қилгандим”, - деганди А.Усмонов.

Август ойида Англиянинг машҳур “Арсенал” футбол жамоаси акцияларини харид қилиши эса унинг номини Буюк Британия нашрлари бош сарлавҳаларига чиқарди. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейнинг А.Усмонов Ўзбекистондаги мустабид режим билан яқин алоқада бўлгани ва у, асосан, қароқчилик ва коррупция эвазига мол-дунё орттиргани ҳақида ёзган мақолалари эса россиялик миллиардер атрофидаги мубоҳасани қизитди. Собиқ элчи А.Усмонов ўзбек гази назоратини қўлга киритиш учун Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан тил бириктиргани ҳақида ҳам ёзган.

“Россияда мафиянинг КГБ билан тили бир экани ва мамлакатни собиқ КГБ ходимлари бошқариши ҳақиқатдир. Бу эса бир ҳовуч одамларнинг давлатни ўмариш ҳисобига миллиардер бўлишига олиб келди. Бундай одамлар орттирган бойлигидан давлатга чақа ҳам тўламайди ва бу тоифа олигархлар қаторига А.Усмонов ҳам киради”, - дейди Крейг Мюррей.

Шунингдек, Крейг Мюррей ўз сайтида босган мақоласида А.Усмонов саксонинчи йилларда қилган жиноятлари учун қамалгани ҳақида ҳам ёзган. Ўша йиллари А.Усмонов ўғирлик ва зўрлаш айби билан қамалгани айтилган, аммо миллиардернинг ўзи совет режимининг ашаддий танқидчиси бўлгани учун сиёсий сабабларга кўра қамалганини иддао қилиб келади.

Хуллас, Крейг Мюррей мақолалари Буюк Британияда қўлма-қўл бўлиб кетгач, бу мақолаларни босган Буюк Британиядаги веб-блоглар, жумладан, Крэйг Мюррейга тегишли сайт ҳам туҳмат айби билан А.Усмонов манфаатларини ҳимоя қилаётган фирмалар талаби билан ёпиб қўйилди.

Алишер Усмоновнинг келиб чиқиши ўзбекистонлик, Наманган вилоятининг Чуст туманидан. Уни ўзи Ўзбекистон билан унча алоқаси йўқлиги, йилда бир марта ота-онаcи қабрини зиёрат этиш учун у ерга бориб келишини айтади.

А.Усмоновни яқиндан билган ва Россияда иш юритаётган ўзбекистонлик тадбиркорларнинг таъкидича, унинг Ўзбекистон иқтисодига қизиқиши катта. У ўз қариндош-уруғлари ҳамда таниш-билишларига ўрта ва кичик бўладими, бизнесларини юритиб олишига ёрдам берган.

Бошқа экспертлар фикрича эса Россиядаги 18 та энг бадавлат инсондан бири саналган А.Усмоновнинг ўзи туғилиб ўсган юртга президент бўлиш қизиқиши ҳам йўқ эмас.

Буюк Британиянинг собиқ элчиси Крейг Мюррей ҳам буни эҳтимолдан қочирмайди.

“Билишимча, Каримов оиласи камида сўнгги уч йил давомида А.Усмоновни президент курсисига бўлғуси ворис сифатида кўриб келган. Аммо Каримовлар оиласи кейинчалик ўзи орттирган бойлик ва бизнесига эга бўлиш нияти бўлмаган, ишончли ворис топиш илинжида”, - дейди К.Мюррей.

Москвадаги “Мерос” (“Наследия”) тадқиқот маркази бошлиғи Евгений Волк ҳам А.Усмоновнинг келажакда Ислом Каримовга ворис бўлиши эҳтимолдан йироқ эмаслигини айтади.

“Аммо ҳозирча бу ҳақда гапириш қийин. Менимча, А.Усмоновга ҳокимият керак. Чунки у россияликлар учун барибир келгинди. Келиб чиқиши ўзбек бўлгани боис, унинг сиёсий амбициялари ҳам Ўзбекистонда амалга ошиши мумкин”, - дейди Евгений Волк.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга президент бўлишга бошқа даъвогарлар орасида А.Усмоновда кўпроқ имконият бор. Чунки у Кремль дастагига эга шахсдир.

“Айниқса, А.Усмоновнинг сўнгги қадамларида унинг Россия ҳукумати билан муносабатларни яхшилаш нияти акс эттади. Хусусан, Ростропович коллекциясини катта пулга сотиб олиши унинг Россиядаги жорий ҳукуматга мойиллигини кўрсатади. Бу ҳам Россия элитаси қўллаб-қувватлашига эришиш мақсадида ётқизилган ўзига хос бир сармоя”, - дейди Евгений Волк.

Алишер Усмонов бугунги кунда Россиядаги “Металлинвест” кон металлургияси ширкатининг йирик акциядоридан биридир. У Россиядаги “Газпроминвестхолдинг” ширкатини ҳам бошқаради. Америкада чиқувчи “Forbes” журналининг дунёдаги энг бадавлат инсонлар рўйхатида А.Усмонов 278-ўринни эгаллаган. Аммо А.Усмоновнинг ўзи сиёсий амбицияларини ошкор этмаган. Қолаверса, Ўзбекистон конституцияси 10 йилдан ортиқ муддат мобайнида мамлакат ташқарисида яшаган инсонга президентликка даъвогарлик ҳуқуқини бермайди. А.Усмонов эса кўпдан бери Россияда яшайди. Аммо Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистондек давлатда қонунлар осонликча ўзгартирилиши мумкинлиги оддий ҳол.
XS
SM
MD
LG