Линклар

ЕИда Ўзбекистон хусусида якдил фикр йўқ

  • Озодлик

Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қарши жорий этилган санкциялар масаласини 15 октябрь куни яна муҳокама қилади. Аммо шу пайтгача иттифоқ аъзолари ўртасида бу масалада якдиллик йўқ.

“Озодлик”нинг Брюсселдаги мухбири Ахто Лобякаснинг айтишича, ЕИнинг Марказий Осиё стратегиясини амалга муваффақиятли тадбиқ этишни хоҳлаган давлатлар Ўзбекистонга қарши санкциялар бекор қилинишига эришишга интилмоқда.

“Германия ва ЕИнинг амалдаги раиси Португалия етакчилигидаги бир гуруҳ давлатлар санкциялар, айниқса, виза чеклови олти ойга бекор қилиниши керак, деб ҳисобламоқда. Бундан мақсад, биринчидан, ЕИнинг яқинда қабул қилинган Марказий Осиёга оид стратегиясини амалга тадбиқ этишдан иборат. Ўзбекистон минтақада энг кўп аҳолига эга бўлгани учун бу давлат иштирок этмаса, стратегияга путур етиши мумкин. Иккинчидан, уларнинг билдиришича, Ўзбекистон ЕИ билан инсон ҳуқуқлари ва Андижон воқеалари каби масалаларни муҳокама этишга рози бўлган”, – дейди А.Лобякас.

Мухбирнинг сўзларига кўра, Франция, Испания, Италия, Греция, Кипр, Венгрия ва Польша Ўзбекистонга қарши санкциялар бекор қилиниши масаласида Германия ва Португалия ташаббусини қўллаб-қувватламоқда. Улар Марказий Осиё давлатлари билан ЕИ ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, минтақадаги рақобатда Россия ва Хитойдан устун келиш учун Ўзбекистон билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга, деган фикрда. Шунингдек, Германия ва Португалия етакчилигидаги давлатлар агар санкциялар юмшатилмаса, Тошкент расмийлари билан мулоқот чекланиб қолишидан хавотирда.

ЕИнинг тўрт аъзоси эса санкциялар бекор қилинишига қарши чиқмоқда.

“Буюк Британия, Нидерландия, Ирландия ва Швеция санкциялар юмшатилишига кескин қарши. Улар фикрича, Ўзбекистон ҳозирга қадар сиёсатини ўзгартирмаган. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволи яхшиланмагани учун ЕИ санкцияларини юмшатишга ҳожат йўқ. Аксинча, бу тўрт давлат санкциялар кучайтирилиши тарафдори. Аммо бу масала кун тартибига киритилмаган”, – дейди А.Лобякас.

Ўзбекистонга жорий қилинган санкциялар борасида ЕИ расмийлари шу ҳафтада ўтказган учта музокара натижасиз тугади. Шу боис, энди бу масала 15 октябрь куни ЕИ ташқи ишлар вазирларининг Люксембургда ўтадиган учрашувида муҳокама этилади.

“Агар душанба куни ҳам муросага келинмаса, ЕИ вакиллари бу масалани яна муҳокамага қўяди ва муайян қарорга келади. Улар қабул қилган қарор 14 ноябрга қадар тасдиқланади. Чунки 14 ноябрь Ўзбекистонга қарши санкциялар борасида узил-кесил қарор қабул қилиш учун белгиланган охирги кун”, – деди А.Лобякас.
XS
SM
MD
LG