Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:23

Райснинг Москвага сафари самарасиз бўлди


АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс Москвага сафари доирасида ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашиб, Россияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги вазият қандайлиги билан қизиқди.

АҚШнинг Москвадаги элчихонасида саккизта инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбарлари билан учрашган Райс хоним Россияда умумжаҳон қадриятларини ҳурмат қиладиган кучли ташкилотлар қуриш учун АҚШ қандай ёрдам кўрсатиши кераклигини сўради.

Учрашув иштирокчилари орасида Москвадаги Хелсинки гуруҳи раҳбари Людмила Алексеева, ДЕМОС маркази директори Татяна Локшина, “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина, Москвадаги Инсон ҳуқуқлари бюроси бошлиғи Александр Брод, Россия омбудсмани Владимир Лукин ҳам бор эди.

К.Райсга ҳамроҳлик қилган АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс эса Россия ҳарбий академиясида чиқиш қилди.

Роберт Гейтс ўз мамлакати ва Россия дуч келаётган хавфсизлик муаммоси бир-бирига ўхшашлигини айтди ва Пентагон Грузия ва Украина ҳудудларига ҳарбий базалар қуриш ниятида эмаслигини маълум қилди.

АҚШ давлат котиби ва мудофаа вазири Россия бош вазири Виктор Зубков билан ҳам музокара ўтказди.

К.Райс ва Р.Гейтс Москвага АҚШнинг Марказий Европадаги ракета ҳужумидан мудофаа тизими борасида Россия билан муросага эришиш мақсадида келган эди. Вашингтон бу режа ғаразгўй давлатларнинг эҳтимолий ракета ҳужумидан ҳимояланиш мақсадини кўзлаганини таъкидлаб келмоқда.

АҚШ делегацияси Чехия ва Польшада ракета ҳужумидан мудофаа тизими қисмларини жойлаштириш режасини Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан ҳам муҳокама қилди. Аммо музокарада муросага келинмади.

“Биз ракеталар тарқалиши хавфини баҳолаш хусусида ҳозиргача турлича фикрдамиз. Биз мутахассисларимиз мавжуд таҳдидларнинг умумий тушунчасини бирга ишлаб чиқишига асосий эътибор қаратишига келишиб олдик”, – дея баёнот берди Россия ташқи ишлар вазири.

Москва расмийлари АҚШ режасини Россияга таҳдид ҳисоблашини айтиб, ўрнига Озарбойжондаги Россия ҳарбийлари ихтиёрида бўлган Габала радар станциясидан биргаликда фойдаланишни таклиф қилган.

К.Райс ва Р.Гейтс Москвага икки кунлик сафари чоғида Россия президенти Владимир Путин билан ҳам учрашди. В.Путин уларни қисқа ва ўрта масофага учадиган ракеталарни чеклаш ҳақида “совуқ уруш” даврида имзоланган шартномага бошқа давлатлар ҳам қўшилмаса, Россия мазкур келишувдан бир томонлама чиқиши ҳақида огоҳлантирган.
XS
SM
MD
LG