Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:00

“Эрк” И.Каримовга ўз лавозимидан маданий кетишнинг кафолатларини таклиф қилди


Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси мамлакатда 23 декабрда бўлиб ўтадиган президент сайловида қатнашиш учун расмий рўйхатдан ўтган бешта партия ва битта ташаббус гуруҳига изн берди.

Аммо сайловда қатнашиш истагини билдирган иккита мухолифат партияси ва камида тўртта ташаббус гуруҳи сайлов жараëнидан четлаштирилди.

15 октябрь куни сайловда иштирок этишни истаган профессор Суҳбат Абдуллаев тарафдорларининг йиғилиши тақиқлаб қўйилди.

“Мени ҳокимликка чақиришиб, сайловда қатнашсанг бошинг кетади, дейишди. Ўз тарафдорларим билан йиғин ўтказмоқчи эдим. Зални ҳокимнинг ўзи муҳрлаб, калитини олиб кетибди. Онангни қози зўрласа, додингни кимга айтасан, деган мақол бор. Президентнинг ўзи конституцияга тупуриб, яна лавозимда қолмоқчи. Хуллас, бу масхарабозларча сайловни тарк этдим”, - деди С.Абдуллаев.

Ўз номзодини президентликка қўйишни истаган Инсон ҳуқуқлари альянси аъзолари Аҳтам Шоймардонов, Абдулло Тожибой ўғли ва Жаҳонгир Шосалимов Ўзбекистон фуқароси сайловда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайди, деган хулосага келди. Улар ҳам рўйхатга олинмади ва сайлов жараëнида қатнашмайди.

Сайловда қатнашишга расман изн берилган партиялар ичида мухолифатдаги “Эрк” ва “Бирлик” йўқ.

15 октябрь куни президент сайловида ташаббус гуруҳи орқали қатнашиш ниятида бўлганлар сони яна учтага кўпайди. “Бирлик халқ ҳаракати” партияси яна уч номзодни илгари суришга қарор қилди. Булар академик Бек Тошмуҳаммедов, Пўлат Охунов ва Васила Иноятовадир. Аммо Бек Тошмуҳаммедов “Озодлик” билан суҳбатда ўз номзодини президентликка қўйишга шошмаëтганини билдирди.

“Бу фақат муҳокама бўлувди, холос, аммо ҳали бир қарорга келинмади. Менинг ëшим ҳам амалдаги президент каби бир жойга бориб қолди. Кейинги президент ëшлардан бўлса, яхши бўларди”, - деди Бек Тошмуҳаммедов.

“Бирлик” партияси раиси ўринбосари Пўлат Охунов эса мавжуд жараëнда муросали тарзда иштирок этиш орзусини изҳор қилди.

“Шу пайтгача мухолифат Ислом Каримовни нуқул танқид қилди, аммо фойдаси бўлмади. Муроса қилайлик. Каримов бошқарувининг ëруғ томонига ҳам эътибор берайлик. Ҳеч бўлмаса, Афғонистон ҳолига тушмаганимиз учун ҳам шукр қилайлик”, - деди П.Охунов.

15 октябрь куни Лондон-Ўзбекистон ташаббус гуруҳи “Эрк” партияси лидери Муҳаммад Солиҳ номзоди рўйхатга олинишини сўраб, МСКга уч юз кишининг имзоси билан мактуб жўнатди.

“Муҳаммад Солиҳ дунëвий мухолифат ва диний қатламлар манфаатларига мос келадиган ягона муносиб номзоддир”, - деди мазкур гуруҳ раҳбари Шоҳида Ëқуб ташкилот ташаббусига изоҳ билдириб.

Айни пайтда “Эрк” партияси раҳбарияти Ўзбекистон президентига ультиматум оҳангидаги мурожаат жўнатди. Бу мурожаатда И.Каримовнинг маданий шаклда лавозимдан кетиш кафолатлари таклиф қилинади. Бу ҳақда партия бош котиби Отаназар Орипов маълум қилди.

“Биласизми, И.Каримов агар лавозимидан кетса, ўзидан жабр кўрганлар уни бурда-бурда қилиб ташлашидан қўрқмоқда. Шунинг учун ҳам курсига ëпишиб олди. Биз унга маданий кетиш йўли ва кафолатларини таклиф қилдик”, - деди О.Орипов.

15 октябрь куни бу борада матбуот анжумани ўтказмоқчи бўлган Отаназар Ориповнинг уйи хавфсизлик идоралари ходимлари томонидан ўраб олинди.

Бу баëнот баробарида “Эрк” лидери Муҳаммад Солиҳ Интернетдаги нашрларда халққа мурожаат билан чиқди.

“Яна етти йил сиз Каримовга эмас, Аллоҳга сажда қилганингиз учун панжара ортида ўтирасиз. Яна етти йил сиёсат билан шуғулланганингиз учун сизнинг тирноқларингиз суғуриб олинади. Токи сиз бу махлуқ қаршисида қўрқувда экансиз, қора ер сизнинг нонингиз бўлади.

Агар елкангизда 17 йилдан буён ўрнашиб олиб, сизнинг қўрқоқликларингиз қони билан боқилган бу юҳони улоқтириб ташламас экансиз, сизга на Ғарб, на Шарқ ёрдам бера олади.

Уни ортиқ озиқлантирманг, бошингизни кўтаринг.

Сиз 17 йилдан буён кўрмай келаётган очиқ осмонни кўришингиз учун вақт етди.

Шунда сиз, энг муҳими, бу Юҳо аслида сон-саноқсиз чўнтакларида халқ бойликларини яшириб келаётган бир эски қоп эканини англайсиз. Бу қопни силкитинг ва халққа халқникини қайтаринг, қопни эса тарих ахлатхонасига улоқтиринг…

Бироқ олдин бошингизни кўтаринг”, - дейилади мурожаатда.
XS
SM
MD
LG