Линклар

Россиянинг Тожикистонни қуроллантириш қарори Ўзбекистонни ташвишга солди

  • Фаррух Юсуфий

Россиянинг ўзининг Тожикистондаги 201-мотоўқч дивизиясига тегишли барча эски қурол-яроғни расмий Душанбега бепул беришга рози бўлгани Ўзбекистон ҳукуматини жиддий ташвишга солди.

Бу ҳақда ёзган “Ўзметроном” сайтида таъкидланишича, бу қарор келажакда Ўзбекистоннинг МДҲ ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти каби тузилмалар доирасидаги муносабатларини қайта кўриб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Бироқ Марказий Осиё бўйича кузатувчилар ва ҳарбий таҳлилчилар Тожикистонга беғараз берилаётган қурол-аслаҳалар тури ҳамда Тожикистон армиясининг бугунги аҳволидан келиб чиқиб Ўзбекистоннинг хавотирланиши ҳақида гапиришга асослар йўқлигини айтмоқда.

“Бу қарорда бирор янгилик кўрмаяпман. Постсовет давлатлар, жумладан, Тожикистонга қурол-аслаҳа авваллари ҳам арзон нархларда ёки эскилари бепул берилган. Чунки Россияда ишлаб чиқарилган янги қуролларни МДҲнинг бирор мамлакати ҳам сотиб олмаяпти. Бу сафар ҳам гап 201-дивизияга тегишли эски қуроллар ҳақида боряпти ва Ўзбекистоннинг хавотирлари ҳақида гапирган кузатувчилар, менимча, вазиятга тўғри баҳо бера олмайди. Очиғини айтганда, Тожикистонга совет даврида ишлаб чиқарилган, асосан, ҳеч кимга керак бўлмай қолган қуроллар бериляпти. Умуман олганда, Тожикистон армиясидаги арсеналнинг деярли барчаси бепул олинган қуроллардан иборат”, - дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр.

Унинг қўшимча қилишича, беғараз ҳарбий кўмак бир пайтлар Тошкентга ҳам берилган. Лекин ҳеч ким Ўзбекистоннинг ўта ҳарбийлашаётгани ҳақида дод-фарёд қилмаган.

201-мотоўқчи дивизиядан Тожикистон Мудофаа вазирлигига мерос қолаётган қуроллар 160 тадан танк ва БМП, 140 та БТР, 72 гаубица ва бошқа турдаги оғир ва енгил артиллерия қуролларидан иборат.

Россияда чиқадиган “Ежедневний журнал” нашри бош муҳаррири ўринбосари ва ҳарбий шарҳловчиси Александар Гольцнинг айтишича, Тожикистонга беғараз берилаётган қурол-аслаҳалар мамлакат Қуролли кучлари учун қўл келиши мумкин.

“Лекин бирор замонавий уруш ёки юқори манёврли тўқнашувлар юз бериб қолгудай бўлса, бу қуроллар ҳеч қандай самара бермайди. Шунга қарамай, маҳаллий миқёсдаги кичик можароларда эски бўлса-да, БТР ёки БМП қўл келиши мумкин. Ана шу нуқтаи назардан тожик Қуролли кучларининг моддий-техникавий базаси кучаймоқда, албатта”, - дейди А.Гольц.

Тожикистон армиясида муаммолар борлиги сир эмас. Ҳатто аскарлар етишмаётганидан тожик армиясига ҳарбий хизматга яроқсиз йигитлар ҳам мажбурлаб олиб кетилаётгани айтилмоқда.

Москвадаги МДҲ институти Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин тожик ҳарбийларига катта миқдордаги қурол-аслаҳа туҳфа қилинаётгани алоҳида масала экани, лекин ундан фойдаланадиган инсоний захиралар муаммоси борлигини билдирди.

“Ҳар қандай ҳарбий техника унга тегишли хизмат кўрсатилишни талаб қилади. Қуролни ишлатишни биладиган мутахассис бўлмаса, унинг жанг майдонида бир пуллик ҳам фойдаси бўлмайди. Тожикистон армиясида эса шахсий таркиб борасида жиддий муаммолар бор. Мажбурлаб ҳарбий хизматга жалб қилинган йигитларни боқиш муаммосини айтмаганда ҳам эски бўлса-да, юқори технологик қуроллардан фойдаланишга уларни ким ўргатади. Масалан, артиллерия қуролларига хизмат кўрсата оладиган мутахассисларни қаердан олишади”, - дейди Андрей Грозин.

Бундан ташқари, А.Гронзин Ўзбекистон ҳарбий салоҳияти бўйича қўшнисидан анча ўзиб кетгани, шунинг учун хавотирланиш тўғрисида гапираётган кузатувчилар ҳарбий масалаларда нўноқ эканини айтади.

“Ўзбекистон ҳарбий тайёргарлик, хусусан, офицерлар таркиби ва оддий аскарлар орасидан мутахассислар тайёрлашга каттагина маблағ сарфлайди. Тожикистон эса бу соҳада анча қолоқдир. Шунинг учун Ўзбекистоннинг хавотирланиши учун жиддий сабаблар йўқ. Икки мамлакат армияларини солиштирадиган бўлсак ҳам миқдор жиҳатдан Ўзбекистон Қуролли кучлари Тожикистонникидан қарийб уч баробар кўпроқ”, - дейди Андрей Грозин.
XS
SM
MD
LG