Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:16

Европа Иттифоқи Ўзбекистонга ҳиммат қилди


Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари қарори билан Андижон воқеаларига масъул кўрилган ўзбекистонлик саккиз амалдорга нисбатан жорий этилган виза тақиқи олти ойга бекор қилинди.

Ўз қарорини расмий Тошкент билан мулоқот олиб бориш зарурати билан изоҳлаган ЕИ шу тариқа Ўзбекистон режимига қарши санкцияларни юмшатди. Айни пайтда тузилма Ўзбекистонга қарши қурол-яроғ эмбаргосини тўлиқ сақлаб қолди.

ЕИнинг углеводород захираларига бой ва стратегик жойлашуви анча қулай Марказий Осиё давлатлари билан яқин алоқа ўрнатиш қарори анча қатъий кўринади. Тузилма расмийлари бу жараёндан минтақанинг бирор давлатини четда қолдириб бўлмаслигини ва минтақада Россия ва Хитой билан рақобат қилиш лозимлигини таъкидлаб келади.

Ўзбекистон билан боши берк кўчага кирган муносабатларни жонлантириш учун эса ЕИ Андижон воқеалари ортидан жорий этилган санкцияларни юмшатишдан бошқа чора кўрмаётир.

Люксембургда ЕИ ташқи ишалар вазирлари мажлисидан аввал гапирган ЕИ ташқи алоқалар комисссари Бенита Ферреро-Вальднер Ўзбекистон расмийларига нисбатан жорий этилган виза тақиқи мамлакатда инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши билан боғлиқ янги ҳолатларнинг пайдо бўлмаслиги шарти билан 6 ой муддатга бекор қилинишини айтди.

“Бу қарор бизни қаерга етаклашини вақт кўрсатади. Лекин, фикримча, биз жуда бўлмаганда ҳаракат қилиб кўришимиз керак. Айтганимдай, бу давлат аҳолиси сони бўйича минтақада биринчи ўринда туради ва у бизнинг Марказий Осиё стратегиямиз доирасига киритилган. Менимча, Ўзбекистонни шунчаки аҳамиятсиз қолдира олмаймиз. Биз бу давлат расмийлари билан муносабат ўрнатиб, инсон ҳуқуқлари вазиятини қадам-бақадам яхшилаш учун ишлашимиз керак”, - деди Бенита Ферреро-Вальднер хоним.

ЕИнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел бу қарор Ўзбекистон билан мулоқотни давом эттиришга имкон беришини айтади.

“Ўзбекистон томонининг ҳам, ЕИнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлган эди. Бир йил давомида муносабатларимиз қийин кечди. Лекин ЕИ қарори биз учун янги имкониятларни очади”, - дейди Пьер Морел.

ЕИ қарорига кўра, виза тақиқи тўхтатиб турилган муддат давомида ЕИ Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари масаласида мулоқот ўтказади ва аниқ натижаларни кутиб қолади. Айнан шу натижаларга қараб виза тақиқи яна узайтирилиши ёки бекор қилиниши бўйича қарорлар қабул қилинади.

6 ойдан сўнг Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни юмшатишни таклиф этиб иттифоқдошлари қўллаб-қувватловига эришган Германия Ўзбекистонда муайян ўзгаришлар содир бўлганини кўрсатиб бера олиши керак.

Кўпчиликнинг ишонишича, виза тақиқи вақтинча тўхтатиб турилган эса-да, аслида ҳеч қачон қайта жорий этилмайди. Чунки Германия Ўзбекистон ҳукуматини рамзий бўлса ҳам ижобий қадамлар қўйишга кўндира олади.

Вальднер хонимнинг таъкидлашича, ЕИ расмий Тошкент қилган ижобий қадамларни ҳам эътироф этиши керак. Тошкент таклифи билан Андижон воқеаларига оид мулоқотларнинг икки давраси уюштирилди. Томонлар инсон ҳуқуқлари масаласини муҳокама этиш учун бир марта учрашди. Бир неча сиёсий маҳбус шартли равишда озод этилди ва ниҳоят келаси йилдан бошлаб Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинадиган бўлди.

Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи дунёдаги етакчи ташкилот - “Ҳьюман райтс уотч” ЕИнинг санкцияларни юмшатиш қарорини қоралаб чиқди.

Ташкилот фикрича, ўтган муддат давомида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистларни таъқиб этган Ўзбекистон ҳукумати санкцияларни юмшатишга лойиқ иш қилмади.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи эса Ўзбекистонда президент сайловидан аввал санкцияларнинг юмшатилиши Ислом Каримов режимини дастаклаши борасида хавотир билдирди.
XS
SM
MD
LG