Линклар

Ўзбекистон қўшнисига уран чиқиндихоналарини зарарсизлантиришга ёрдам беради


Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари Қирғизистондаги уран ва бошқа радиоактив моддалар чиқиндихоналаридан келаётган хавфни бартараф этишга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Қирғизистон Геология ва минерал ресурслар агентлиги расмийси Наби Эшназаров сўзларига кўра, мамлакатдаги уран конлари фаолияти ўтган асрнинг 60-йилларида тўхтатилган, бироқ конларни ишлатиш туфайли пайдо бўлган муаммо шу кунгача ҳал этилмаган.

“Қирғизистондаги уран конлари 40-йиллардан 60-йилларгача ўзлаштирилган. Бу ердаги бешта уран конидан чиққан чиқиндилар йиғилиб қолаверган. Бугунги кунда Қирғизистонда 25 та уран чиқиндихонаси ва 50дан ортиқ радиоактив моддалар чиқиндихонаси мавжуд”, - деди Наби Эшназаров.

Қирғизистондаги уран чиқиндихоналари Фарғона водийси экологиясини хавф остида қолдираётгани бир неча йиллардан бери долзарб муаммо сифатида кун тартибига қўйилиб келинаётган эди. Айниқса, Мойлисув ва Қажисой чиқиндихоналари жуда муаммолидир. Агар сув тошқини юз берса, уран чиқиндилари бутун Марказий Осиё сувларини заҳарлаши мумкин. Бу икки чиқиндихонани таъмирлашга миллионлаб доллар маблағ сарфланмоқда. Бироқ бошқа чиқиндихоналарни таъмирлаш учун Қирғизистонда молиявий имкониятлар йўқ. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон ҳукумати бу ишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини билдирган.

“Ўзбекистон ҳукумати Мойлисувдаги чиқиндихоналардан бирини таъмирлашга кўмак кўрсатишга ваъда берди. Яқин кунларда Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири билан Мойлисувда учрашамиз. Ўзбекистон тарафи лойиҳа билан танишгач, ўз ҳиссаси неча фоиз бўлиши тўғрисида аниқ бир рақамни айтмоқчи”, - деди Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири Туратбек Жунушалиев.

Унинг билдиришича, Қирғизистондаги уран чиқиндихоналарининг барчасини зарарсизлантириш учун 38-40 миллион доллар керак бўлади. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг улуши ҳам салмоқли бўлишини кутиш мумкин.

Айни пайтда Қирғизистондаги уран чиқиндихоналарини таъмирлаш ишларига Россия ҳам кўмак кўрсатиш истагида. Шу кунларда россиялик мутахассислар уран чиқиндихоналарини зарарсизлантириш лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

Россия Атом энергияси агентлиги раҳбари Сергей Кириенко Қирғизистонга қилган сафари чоғида: “Бу каби жиддий ва йирик лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида анчадан бери қуруқ гапдан нарига ўта олмадик. Бу муаммони биргаликда ҳал этишимиз даркор”, - деди.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таъкидича, Россия мутахассислари уран чиқиндихоналари атрофидаги аҳолини шошилинч тарзда бошқа ҳудудларга кўчиришни таклиф қилиши ҳам мумкин. Бу ҳолатда камида эллик мингга яқин аҳолини кўчириш керак бўлади.

Қирғизистон бош вазири Олмосбек Отамбоев мамлакат ҳар қандай ҳолатда ҳам уран чиқиндихоналари муаммосини ёлғиз ўзи бартараф эта олмаслигини маълум қилди.

“Мен уран чиқиндихоналари атрофидаги қишлоқларни бориб кўрдим. Бу ерда муаммолар жуда кўп. Уларни ҳал этиш миллионлаб доллар маблағни талаб этмоқда. Бу муаммони ёлғиз ўзимиз ҳал эта олмаймиз”, - деди бош вазир.
XS
SM
MD
LG