Линклар

Россия Роғун ГЭСни бошқаларга бериб қўймоқчи эмас

  • Гулнора Равшан

Ўтган ҳафтада Душанбеда ўтказилган Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти саммитида Россия президенти Владимир Путин Москва Роғун ГЭС қурилишида қатнашишдан манфаатдорлигини таъкидлаганди.

“Иқтисодий соҳада бизнинг Тожикистон билан мақсадимиз бир. Хусусан, энергетика соҳасидаги ҳамкорлигимиз борасида ортиқча шарҳга ҳожат йўқ. Сангтўда-1 ГЭС қурилишида Россия энг муҳим ўринни эгаллайди ва Роғун ГЭС қурилишида ҳам, албатта, қатнашамиз”, - деган эди.

Россиянинг “РусАл” компанияси билан Роғунни қуриш бўйича имзоланган шартнома Тожикистон ҳукумати томонидан бир томонлама бекор қилингандан кейин энди лойиҳага “Россия ягона энергия тизимлари” ширкати иштирок этиш истагини билдиряпти.

Россиянинг бу жиддий режаси ҳақида куни-кеча МДҲ электроэнергетика кенгаши йиғилишига раислик қилган “Россия ягона энергия тизимлари” акциядорлик жамияти раиси Анатолий Чубайс тилидан ҳам такрор янгради.

“РусАл” билан шартнома бекор қилингандан сўнг Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Роғун ГЭСни қуриш учун Жаҳон банки иштирокида консорциум тузиш ва унга Россия ширкатлари бошқалар қатори қўшилиши мумкинлигини билдирган эди. Оддийроқ айтганда, президент мамлакатдаги йирик бир иншоот тақдири фақат битта ширкат ихтиёрида бўлмаслиги кераклигини таъкидлаганди..

Аммо Анатолий Чубайс бу лойиҳада Россия барибир етакчи мавқеда бўлиши лозимлигига урғу беришда давом этаётир.

“Биз консорциум иштирокчиларини тожикистонлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда аниқлаймиз. Ҳар ҳолда консорциумда Россия етакчи ролини ўйнаши шарт ва биз бунга тайёрмиз”, - деди Анатолий Чубайс.

У яқин кунларда икки давлат раҳбарлари бу масалага сўнгги нуқта қўйишини билдирди.

Тожикистонлик таҳлилчилар эса Россия Роғун ГЭС назоратини тўла қўлга олиш ниятида эканига эътибор қаратаётир.

Роғун ГЭС қурилишида Россия етакчи бўлиши режасини тузаётган Владимир Путин ва Анатолий Чубайс 2008 йилда ўз лавозимларини тарк этиши кутиляпти. Агар бу ҳолат назарга олинса, Роғун ГЭС тақдири яна номаълум қоляпти. Россиянинг кейинги раҳбарияти бу масалада қандай қарорга келиши эса қоронғу.

Айрим таҳлилчилар сўнгги вақтларда Ўзбекистон Тожикистонда энергетика муаммолари ҳал бўлишида фаоллик кўрсатаётганига қарамай, қурилажак ГЭСлар масаласида ҳамон салбий позициясидан қайтмаётганини айтмоқда.

Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали туркман электр энергиясининг Тожикистонга етказиб берилишига розилик берган эса-да, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов яқинда БМТ Бош ассамблеясидаги чиқишида расмий Душанбе ва Бишкекни энергетик лойиҳаларни расмий Тошкент билан маслаҳатсиз амалга оширишдан огоҳлантирди. У акс ҳолда Ўзбекистон қўшниларидан товон талаб қилишини билдирди.

Таҳлилчи Нурали Давлатов Россия Роғун ГЭС қурилишидан икки мақсадни кўзлаётганини таъкидлади.

“Биринчидан, Тожикистондан узатилажак электр энергияси орқали Россия Покистон ва Афғонистонни иқтисодий босим остида ушлаб туриш, иккинчидан, Ўзбекистон билан алоқаларини мустаҳкамлашни мақсад қилган. Ўзбекистон Россия учун минтақадаги давлатлар ўртасида муҳим ўрин тутади ва Кремль расмий Тошкентнинг АҚШ билан муносабатлари қайта тикланишидан манфаатдор эмас”, - деди Нурали Давлатов.
XS
SM
MD
LG