Линклар

logo-print

Европача “травести”

  • Ҳурмат Бобожон

http://gdb.rferl.org/8AC33378-100C-4FF4-967B-A6BE866A7276_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/8AC33378-100C-4FF4-967B-A6BE866A7276_mw800_mh600.jpg Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга қарши жорий этилган санкцияларни юмшатиш тўғрисидаги қарорини ғазаб ва хавотир билан қарши олди.

“Қайғули”, “аянчли”, “иккиюзламачилик”. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ЕИнинг санкцияларни юмшатиш қарорига муносабати ана шундай бўлди.

“Ҳьюман райтс уотч” эса ЕИ қарорини “травести” (ҳезалаклик ёки хотинчалишлик), деб атади.

“Бизнингча, бу хотинчалишлик. Бу инсон ҳуқуқлари борасида ўсиш йўқлиги учун Тошкент ҳукуматини тақдирлашдек гап. Бизнингча, бу ЕИ энг муҳим босим воситасини йўқотгани билан баробар”, - деди ҲРУнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Вероника Санта Голдстон.

ЕИ санкцияларнинг бекор қилиниши учун Ўзбекистонга аниқ шартлар қўйган эди, уларнинг бирортаси ҳам бажарилгани йўқ. Ҳатто энг оддий талаблар ҳам. Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг Андижон воқеаларига масъул кўрилган расмийларига виза тақиқи бекор қилинди. Ўз кучида қолган қурол эмбаргосининг эса Ўзбекистонга чиқин чаққанчалик зарари йўқ.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Штрохлайн ЕИ вазирлари энг муҳим нарсани, яъни нима учун Ўзбекистонга нисбатан санкциялар жорий этилганини унутганини таъкидлади.

“Улар Андижонни унутяпти. Андижон майдонида юзлаб одам отилди, шу воқеалар ортидан қанчадан-қанча одам қамалди, қийноққа солинди. ЕИ эса Ўзбекистонни жазолаш ўрнига ўз қадриятларидан чекиняпти. Ўзбекистонда қийноқлар мунтазамлик касб этаётган, ҳуқуқ ҳимоячилари қатағонга учраётган бир пайтда ЕИнинг санкцияларни юмшатиши қайси хизматлар учун!? Менимча, Тошкент ҳукумати санкциялар юмшатилиши учун ҳеч нарса қилгани йўқ”, - деди Эндрю Штрохлайн.

Ўзбекистон ичида ва ташқарисида яшаётган маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам ЕИ қарорини ғазаб билан қарши олди. Хусусан, Ўзбекистонда Андижон воқеаларидан кейин ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга бошланган давомий босимлар ва қатағонлар ортидан ватанини тарк этишга мажбур бўлган ва ҳозир Францияда бошпана топган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов ЕИ қарорини иккиюзламачилик, деб атади.

“Ўзбекистон ҳукумати 18 йилдан бери ўйин қилади. Жаҳон жамоатчилиги билан, ўз халқи билан. ЕИ шу ўйинга тушиб қолди. Ўзбекистон ҳукумати ёлғон гапиришини улар ё сезмайди, ёки атайин сезмасликка олади. Менимча, бу ерда қўшстандарт сиёсат устун келаётганга ўхшайди ва бу афсусланарли ҳолат”, - дейди Т.Ёқубов.

Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти ЕИнинг рамзий санкциялари бекор қилиниши тарафдори бўлиб келган. Аммо бу ташкилот раҳбари Васила Иноятова ҳам ЕИ қарорини нотўғри, дея атади.

“ЕИ санкциялари анча енгил ҳисобланса ҳам уларнинг Ўзбекистон ҳукумати учун оғриғи анча қаттиқ бўлди. Чунки ЕИнинг кейинги зарбалари айнан мана шу санкцияларнинг давоми бўлиши керак эди. Лекин мен санкцияларнинг юмшатилганига салбий қарайман. Чунки Ўзбекистон ҳукумати санкциялар енгиллаштирилиши учун арзигулик ҳеч нарса қилгани йўқ”, - деди В.Иноятова.

Хўш, ЕИ мулозимлари инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг бу хусусдаги хавотирлари ҳақида нима дейди?

“Озодлик” мухбири Европарламентнинг Марказий Осиё бўйича маърузачиси ва ЕИнинг минтақага оид стратегияси бўйича янги ҳисобот лойиҳаси муаллифи Жем Ўздемир билан суҳбатлашиб, бу саволга жавоб излади.

Унинг ишонтиришича, Европа фақат энергетика захиралари ҳақида ўйлаётгани йўқ, Европадаги ҳамкорлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига амал қилиниши ҳақида ҳам ўйлаётир.

“Бу ўринда ЕИ ўз қадриятларидан воз кечяпти, дейиш нотўғри. Албатта, минтақада ўз манфаатларимиз бор ва бунда ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ. Биз муқобил энергетика манбаларига эга бўлишни истаймиз. Аммо қонун устиворлиги ва демократия бўлмас экан, минтақада сиёсий барқарорликка эришиш мушкуллиги ва Марказий Осиё давлатлари билан мустаҳкам иқтисодий алоқаларни ўрнатиб бўлмаслигига ишонаман”, – деди Жем Ўздемир.

Ҳозирча ўзбек расмийлари ЕИ қарорига тўғридан-тўғри муносабат билдирмади. Аммо Шосалим Тўрахўжаев исмли ҳукуматга мойил маҳаллий сиёсатшунослардан бири ЕИнинг санкцияларни юмшатиш қарорига ижобий баҳо берди. У Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлигига берган интервьюсида ЕИ қарори мазкур тузилма ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама мулоқотдаги “илиқлашувдан дарак” эканини маълум қилди.

Шунга қарамай, ҳукумат назоратидаги нашрларда бу ҳақда ҳеч қанақа маълумот берилмаяпти. ЕИ Андижон воқеалари ортидан жорий этган санкциялар ҳақида Ўзбекистоннинг ҳукумат назоратидаги ОАВ шу пайтгача ҳам бирор марта гапирмаган.
XS
SM
MD
LG