Линклар

logo-print

Жанубий Қозоғистонда ОИТВнинг оммавий тарқалиши тўхтамаётир


Жанубий Қозоғистонда ўтган йили болалар ва оналар ўртасида оммавий тарқалган орттирилган иммун танқислиги вируси – ОИТВга чалинаётганлар сони ҳали ҳам ошиб бораётгани кузатилмоқда.

Мутахассислар бу касалликка чалинаётганлар сони ошиб боришини ўтган йилиёқ башорат қилганди. Бугунги кунда бу хавотирлар ўз тасдиғини топмоқда.

“Болаларни ОИТВдан сақлайлик” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Саодат Массауров касалликка чалинган болалар сони бундан кейин ҳам ошиб бориши, чунки шу вақтгача Жанубий Қозоғистонда уларни тиббий текширувдан ўтказиш ишлари тугамаганини билдирди. У, айниқса, вилоятнинг чекка қишлоқлари аҳолисини ОИТВ бўйича текшириш ишлари анча суст бораётганини таъкидлади.

“Ўз вақтида мен Жанубий Қозоғистон ОИТС маркази базасида ОИТВ билан зарарланганларни тиббий текширувдан ўтказиш институти ташкил этишни таклиф этган эдим. Чунки Жанубий Қозоғистонда болаларнинг оммавий тарзда ОИТВга чалиниши ноёб ҳолат. Бунга енгилтаклик билан қараб бўлмайди. Чунки касалланганлар сони камайиш ўрнига кун сайин кўпайиб бормоқда”, - деди С.Массауров.

Унинг айтишича, Жанубий Қозоғистон ОИТС маркази раҳбарияти касаллик тарқалиши тўхтаётир, деб ўйлашда давом этмоқда ва бу таклифга жиддий ёндашмаяпти.

Жанубий Қозоғистонда ёш болалар ва оналарнинг оммавий равишда ОИТВга чалинишига сабабчи кўрилган 21 шифокор аҳоли ўртасида “қассоблар” номини олди ва уларнинг барчаси бугунги кунга келиб жиноий жавобгарликка тортилди.

С.Массауров Жанубий Қозоғистонда ОИТВ бўйича юзага келган вазият кўплаб инсонларнинг тақдирини кескин ўзгартириб юборгани ва афсуски, бу ҳолатнинг олдини олиб бўлмаётганини таъкидлади. У аҳолининг ОИТВ ҳақидаги билимлари сустлигини айтар экан, жамиятда бу касалликка чалинганлардан қўрқиш кайфияти юзага келганини маълум қилди.

С.Массаурова Қозоғистон жамияти ОИТВ ва ОИТСга чалинган кишиларни нормал қабул қила олмаётгани, чунки одамлар онгини бирданига ўзгартириб бўлмаслигини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG