Линклар

logo-print

Чекистлар тўридаги Россия

  • Ҳасанжон

1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланган пайтларга келиб ҳам КГБда қанча ходим ишлаганини ҳеч ким аниқ билмас эди. Бу ҳақда ҳеч қандай маълумот эълон қилинмаганди.

Журналист Евгения Албацнинг 1992 йилда чоп этилган “Давлат ичидаги давлат” китобида Совет Иттифоқи бўйича КГБнинг 720 минг ходими бўлгани ва 2,9 миллион фуқаро КГБ билан ҳамкорлик қилгани ёзилган.

Ҳозир уларнинг аксарияти Россияни бошқаришда, хусусан, сиёсий жиҳатдан нодемократик жамият қуриш ва иқтисодиётни назорат қилишда фаол иштирок этмоқда. Яқин келажакда уларнинг ҳокимиятдан кетиши эҳтимолдан йироқ кўринади.

Жамиятшунос Ольга Криштановскаянинг тахмин қилишича, Россия сиёсий элитаси ва етакчи тадбиркорларининг 26 фоизини куч ишлатиш ҳуқуқига эга органларда ишлаганлар ташкил этади. Агар хавфсизлик идоралари билан ҳамкорлик қилганлар ҳам ҳисобга олинса, улар 78 фоизни ташкил этиши мумкин.

Ушбу қудратли пирамида тепасида эса собиқ КГБ ходими, Россия президенти Владимир Путин турибди. Россиянинг ривожланишига чекистлар муносабати кўп жиҳатдан таъсир этмоқда. Улар АҚШга ўз душманларининг асосийси сифатида қараб келган. КГБчиларнинг аксари АҚШнинг мақсади Россияни парчалаш ёки ҳеч бўлмаса ўзига бўйсундириш, деб билади.

1980 йиллардаги Афғонистон урушини Марказий разведка бошқармаси ва КГБ ўртасида узоқ давом этган уруш, деб аташ мумкин. Юрий Андроповнинг (КГБнинг ўша пайтдаги раҳбари) сафдошлари ва издошлари Афғонистондаги мағлубиятни яқин орада ёддан чиқариши эҳтимолдан йироқ.

Владимир Путинга яқин доиралар, жумладан, президент маъмурияти раҳбари ўринбосари Виктор Иванов ва Давлат резервлари федерал агентлиги раҳбари Александр Григорьев ҳам Афғонистон уруши қатнашчиси.

Совет Иттифоқи парчаланиб, мамлакат иқтисодий ва ижтимоий бўҳронга юз тутган 90-йилларда КГБ жамоаси икки омил, яъни махфийлик ва маълумотга эгалиги туфайли ўз бирлигини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Улар ўз сафларида тозалаш ўтказилишига қаршилик қила олди. КГБчилар 1991 йилда давлат тўнтаришида қатнашган ҳамкасбларини нафақат оқлашга, балки уларнинг олдинги шуҳратини қайта тиклаб, собиқ КГБ ходимини президент лавозимига кўтаришга ҳам эришди. Шундан сўнг улар муҳим соҳаларни ўз назоратига ола бошлади. Натижада сиёсий, маъмурий ва тижорий жиҳатдан шаффоф бўлмаган чекистлар тизими юзага келди.

КГБ ҳар доим давлат ичидаги давлат сифатида фаолият юритиб келди. Бу эса бўҳронли 90-йиллардан ҳозирга қадар ташкилот манфаати учун хизмат қилмоқда. В.Путин маъмурияти ҳам КГБ сингари фаолият юритиб, жамиятнинг ҳамма соҳасига хавфсизлик идораси вакилларини тиқмоқда. Бундан мақсад исталган пайтда уларни ўз манфаати йўлида хизмат қилишга йўналтиришдан иборат. Буни прокурорлар ва судья фаолиятида ҳам кузатиш мумкин. Бундай ҳол журналистлар, сиёсатчилар, тадбиркорлар ва бошқалар фаолиятига соя солмоқда.

90-йиллар бошида АҚШга қочиб кетган собиқ КГБ генерали Олег Калугин КГБ ўз манфаатларини олға сурмаган ҳеч бир жабҳа қолмаганини айтган эди.
XS
SM
MD
LG