Линклар

logo-print

Тожикистонда оилавий зўравонлик оммавийлик касб этган

  • Гулнора Равшан

Тожикистондаги ноҳукумат ташкилотларнинг ижтимоий тадқиқотлари натижаларига кўра, мамлакатдаги 80 фоиздан ортиқ аёл оиладаги зўравонлик қурбони бўлаётир.

Тожикистондаги Олий маълумотли аёллар уюшмаси , “Анъаналар ва замонавийлик”, Ҳуқуқшунос аёллар лигаси, “Гендер ва тараққиёт” ҳамда “Модар” ноҳукумат ташкилотлари айнан оиладаги зўравонлик қурбони бўлаётган аёллар ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида 2002 йилда бу борадаги қонун лойиҳасини ишлаб чиққанди. Мана 5 йилдирки, бу ҳужжатни қабул қилиш пайсалга солиниб келинаётир.

Олий маълумотли аёллар уюшмаси раиси Гулжаҳон Бобосодиқова беш йил давомида 37 банддан иборат қонун лойиҳасининг 20 та банди қайта ишлангани ва ҳужжатнинг номи ўзгартирилганини билдирди.

“Тан олиш керакки, мамлакатда бундай қонун қабул қилинишига фақат ноҳукумат ташкилотлар уриниб келяпти. Минг афсуски, давлат идораларидаги айрим мансабдорлар бу қонуннинг парламент муҳокамасига етиб боришини шу кунгача пайсалга солиб келмоқда. Ваҳоланки, бу муаммо тожик жамиятидаги энг дардли муаммолардан биридир. Бу муаммо қишлоқ жойларда кўпгина аёлларнинг ўз жонига қасд қилишига олиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас”, - деди Гулжаҳон Бобосодиқова.

Қонун лойиҳасининг 13-бандида эри томонидан калтакланиб, уйни тарк этган аёллар ва уларнинг фарзандларини қабул қилиш, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун махсус марказлар ташкил этиш ҳам кўрсатилган. Бунинг учун эса анча катта маблағ талаб этилади.

Ҳуқуқшунос аёллар лигаси раиси Қаноат Ҳамидова қонуннинг қабул қилинишига мазкур молиявий омил ҳам тўсиқ бўлаётганини билдирди.

“Бундай марказларда бир кундан олти ой муддатгача сақланадиган ҳар бир жабрдийда аёлга белгиланган озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда ҳуқуқий ва психологик маслаҳатлар учун маблағ давлат бюджети ҳисобидан ажратилиши айтилган. Менимча, ҳукумат идоралари масъулларига айнан шу банд хуш келмаган кўринади”, - деди Қаноат Ҳамидова.
XS
SM
MD
LG