Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:30

Экологияга оид хабарлар


Хитой иқтисодиёти шиддат билан ривожланаётгани оқибатида атроф-муҳитга жиддий зарар етмоқда. Шу боис, Пекин Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда Хитойдаги икки йирик дарёни тозалаш бўйича 248 миллион долларлик лойиҳани амалга оширишга киришди. Янцзи ва Хуанхэ дарёларини тозалаш бўйича беш йилга мўлжалланган режада сувни ифлослантираётган саноат корхоналарини назорат қилишни кучайтириш ва оммани атроф-муҳитни ҳимоялаш тадбирларида қатнашишга жалб этиш мўлжалланган. Хусусан, лойиҳада Янцзи дарёси бўйида яшовчи аҳоли соҳилга дарахт кўчатлари экса, уларга ҳақ тўлаш кўзда тутилган.

*** *** ***

Каспий бўйида жойлашган беш давлат Каспий денгизи биологик ресурсларидан самарали фойдаланиш хусусида келишувга эришди.

Озарбойжон, Қозоғистон, Россия, Туркманистон ва Эрон раҳбарларининг 16 октябрь куни Теҳронда ўтган саммитида Каспий денгизининг экологиясини яхшилаш ва увилдириқ олинадиган осётр балиқлари камайиб кетишининг олдини олиш учун биргаликда чоралар кўриш кераклиги таъкидланди.

“Менимча, Каспий денгизидаги экологик вазиятга таъсир этиши мумкин бўлган лойиҳалар Каспий бешлиги доирасида аввалдан маслаҳатлашилмай амалга оширилмаслиги керак ва шарт. Биз барчамиз учун умумий бўлган Каспий денгизи манфаатини кўзлаб муросали қарор қабул қилишимиз лозим”, – деди саммитда нутқ сўзлаган Россия президенти Владимир Путин.

Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев эса Каспий биоресурсларидан фойдаланиш бўйича илмий тадқиқотлар асосида ҳисобот тайёрлашни таклиф қилди.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Каспий денгизини сақлаб қолиш атроф-муҳит муҳофазаси, иқтисодий, илмий ва техникавий имкониятлардан самарали фойдаланиш масалаларига боғлиқ эканини таъкидлади.

*** *** ***

Афғонистон марказида жойлашган Банди Амир табиий сув омбори дунёдаги бешта табиий сув омбордан биридир. Кейинги йилларда Осиё тараққиёт банки мазкур сув омборини сақлаб қолиш ва унинг ҳолатини яхшилаш учун молиявий ёрдам кўрсатмоқда.

Мутахассислар фикрича, мазкур кўл Афғонистонда туризмни ривожлантиришда муҳим рол ўйнаши мумкин.

Афғонистон ҳукумати 70-йиллар бошида Банди Амир кўли учун махсус лойиҳа ишлаб чиққан. Бироқ мамлакатда юз берган сиёсий ўзгаришлар ва уруш ҳаракатлари уни амалга оширишга йўл қўймаган.

*** *** ***

Атроф-муҳит ҳимоячилари АҚШнинг собиқ вице президенти Альберт Гор ва БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро комиссиясига ер юзида глобал иқлим ўзгариши бўйича амалга оширган ишлари учун 2007 йилги Нобель тинчлик мукофоти берилганини олқишламоқда.

Тошкентдаги ЭКОСАН халқаро ташкилоти раҳбари Юсуф Шодиметов ҳам ўз ташкилоти ва ўзбекистонлик бошқа ҳамкасблари Нобель қўмитаси қарорини катта хурсандлик билан қабул қилганини айтди.

ЭКОСАН Тошкент шаҳрига Ислом маданияти маркази номи берилгани муносабати билан куни-кеча Ҳазрати имом диний марказида “Ислом маданиятида табиат ва инсон, поклик ва саломатлик” мавзуида анжуман ўтказди. Йиғилишда Ўзбекистондаги вазирликлар ходимлари, бир неча давлат элчилари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Анжуманда бебаҳо меросга эга Ислом маданиятида инсон билан табиат ўртасидаги мувофиқликнинг коэвалюцион ривожланишида жуда катта кўрсатма бўлган Қуръони карим ва Ҳадиси шарифдаги ривоятлар йиғилиш қатнашчиларига талқин қилинган.
XS
SM
MD
LG