Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:30

Ўзбекистонни рўйхатнинг охиридан изланг!


Ўзбекистонда матбуот эркинлигига оид вазият ўтган бир йил давомида янада ёмонлашди. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг жаҳонда матбуот эркинлиги аҳволига оид навбатдаги йиллик ҳисоботида ана шундай хулоса қилинади.

“2007 йилда жаҳон бўйлаб матбуот эркинлиги индекси”, деб номланган ҳужжатда 169 мамлакатнинг рейтинги берилган.

Ўзбекистон бу рейтингда охиридан тўққизинчи, бошидан 160-ўринга қўйилган. Бу ўтган йилгига нисбатан икки поғона, уч йил аввалгидан эса 27 поғона пастроқдир.

Ҳисобот муаллифларининг билдиришича, рейтингни тузишда ташкилот Ўзбекистондаги матбуот аҳволидан яхши хабардор бўлган кўплаб маҳаллий ва халқаро кузатувчиларга 20дан ортиқ савол билан мурожаат қилган. Улар берган жавоблардан Ўзбекистоннинг рейтинги белгиланган

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг Европа бўлими раҳбари Элза Видал сўнгги бир йил ичида Ўзбекистонда бир неча мустақил журналистнинг қамалиши, калтакланиши ёки мамлакатни тарк этишга мажбур бўлиши у ердаги матбуот эркинлигига оид вазиятга аниқ чизги эканини айтади.

“Журналистлар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлгани, уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиши, улар ҳукумат расмийларини танқид қилиб ёзган мақолалари учун қамоққа ёки руҳий касаллар шифохонасига ташлаётгани ҳеч кимга сир эмас-ку! Шунинг учун Ўзбекистонга бундай ёмон баҳо берилганини изоҳлаш жуда осон”, - дейди Элза Видал.

Сўнгги бир йил ичида ўзбекистонлик кўплаб мустақил журналистлар таъқиб-тазйиқларга учради. Хусусан, “Немис тўлқини” мухбири Наталья Бушуева, мустақил журналистлар Алишер Таксанов ва Улуғбек Ҳайдаров мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди, Жамшид Каримов руҳий касалликлар шифохонасига ташланди. Бундан бир ҳафта аввал мустақил журналист Сид Янишев калтаклаб кетилди.

Ўзбекистон расмий матбуотида ишлайдиган баъзи журналистларнинг эса мамлакатдаги сўз эркинлиги вазиятидан кўнгли тўлаётганга ўхшайди.

Шундайлардан бирининг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтишича, эркин бўлиш учун матбуотнинг ҳукуматга нисбатан танқидлар ёғдириши шарт эмас.

“Чегара билмас мухбирлар” каби ташкилотлар Ўзбекистон ютуқларини кўра олмаганидан ҳар йили шундай ҳисоботларини чиқаради”, - деди Ўзбекистон телевидениесининг ўзини эркин ҳисоблайдиган журналистларидан бири.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти матбуот эркинлиги рейтингининг сўнгги ўринларида Ўзбекистон Лаос, Вьетнам, Мьянма ва Шимолий Корея каби мамлакатлар билан қўшни.
XS
SM
MD
LG