Линклар

“Кремль корпорацияси” бош қароргоҳини қўлдан бермоқчи эмас

  • Фаррух Юсуфий

Россия президенти Владимир Путин ўзининг саккиз йиллик ҳукмронлиги даврида аксарият россияликлар орасида кучли шахс, бошқарувчи ва раҳбар сифатида ном қозонди.

Бироқ кузатувчи ва таҳлилчилар В.Путиннинг Россия обрўсини тиклаган сиёсатчи сифатида ном қозонишида атрофидаги шахсларнинг ҳам хизмати борлигини айтади. Аниқроғи, В.Путин Россияни бошқараётган бир ҳовуч собиқ КГБ ходимларидан иборат гуруҳнинг юзидир.

В.Путин ҳокимиятга келгандан бири собиқ совет гимни сўзларини бироз ўзгартириб Россия учун давлат мадҳияси этиб тасдиқлади, Кремлга содиқ ёшлар ҳаракатини қайта жонлантирди ва совет кишиларига хос бўлган КГБ жосусларига нисбатан ҳурматни тиклашга эришди.

Лекин таҳлилчилар В.Путин эски сарқитларни тиклаганига қарамай, собиқ иттифоқни тиклаш тарафдори эмаслигини, Кремль Россия қудратини тиклашга замонавий авторитар давлатни яратиш орқали эришмоқчи бўлаётганини айтмоқда.

Никсон тадқиқотлар маркази эксперти Николай Гвоздев В.Путин атрофига йиғилган гуруҳни “Кремль корпорацияси”, деб атаган бўлишини билдирди.

“Чунки Россия сиёсатида айнан корпорациялар қўллайдиган стратегиялар қўлланилаётганини кўриш мумкин”,- дейди Н.Гвоздев.

Бундан саккиз йил аввал ҳокимиятга келганидан бери В.Путин ўзини Россия сиёсатининг устаси – кучли, қатъий ва Россиянинг ягона етакчиси қилиб кўрсатишга ҳаракат қилди. Яқинда шу пайтгача оммага таниш бўлмаган Виктор Зубковни кутилмаганда бош вазир этиб тайинлаши ва декабрда бўладиган парламент сайловида Кремлга содиқ “Ягона Россия” партиясидан номзод сифатида қатнашишини эълон қилиши эса унинг бундай имижини янада мустаҳкамлади.

Лекин таҳлилчилар аслида В.Путин ёлғиз жангчи эмаслиги ва Россияни ўша “Кремль корпорацияси”га тўпланган бир гуруҳ кишилар, яъни ўзига хос директорлар ҳайъати бошқараётганини таъкидламоқда. Барча сиёсий қарорлар, жумладан, В.Путиннинг томдан тараша тушгандек эълон қилган сўнгги қарорлари ана шу директорлар ҳайъати муҳокамасидан ўтказилиб қабул қилинади.

Россия Фанлар академияси ҳузуридаги Сиёсий элитани тадқиқ қилиш маркази раҳбари Ольга Криштановская В.Путинга энг яқин сиёсий доира аъзолари бир неча кишидан иборатлигини айтади.

“Энг яқинлар гуруҳига беш киши киради. Булар В.Путиннинг ўзи, Сергей ва Виктор Ивановлар, Кремль маъмурияти раҳбари ўринбосари Игорь Сечин, Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Николай Патрушевдир. Бу шахслар В.Путин ҳокимиятга келганидан бери унинг атрофида қоляпти. Улар биргаликда ҳозирги ҳокимият ва давлат моделини яратган”, - дейди россиялик таҳлилчи.

Бу беш шахснинг ҳаммаси собиқ КГБдан чиққан, ёшлари 50-55 атрофида, ҳаммаси Санкт-Петербургдан. Бундан ташқари, деб қўшимча қилади Ольга Криштановская, уларнинг барчаси бир ғоя одамлари ва Россияни ривожлантириш стратегиясини бир хилда кўради.

Бу стартегиянинг асосини эса марказлашган, авторитар, вертикал ҳокимият тизимига эга бўлган сиёсий тизимни яратиш ғояси ташкил этади.

“Менимча, улар замонавий авторитаризм қурмоқчи. Улар советча телбаликдан холи бўлган, лекин советча типдаги авторитар давлат қурмоқчи улар. Яъни телбаларча яратилган совет иқтисодиёти ва мафкураси бу тизимнинг салбий жиҳатлари бўлганини улар тан олади. Лекин улар мутлақ ҳокимиятга эга бўлган советча типдаги тизимни яратмоқчи”, - дейди Ольга Криштановская.

Лекин бу моделни яратиш учун В.Путиннинг ҳозирги сафдошлари 2008 йилдаги президент сайловидан кейин ҳам ҳокимиятда қилиши керак бўлади.

Таҳлилчилар эса бугун ўзи учун шарт-шароитларни ташкил қилишга улгурган “Кремль корпорацияси” учун ҳокимиятда қолиш қийин бўлмайди, деган якдил фикрни айтмоқда. Бунда В.Путин бу корпорациянинг етакчиси мақомини 2008 йилги сайловдан кейин ҳам сақлаб қолади.

“Ҳозирча В.Путин, сўзсиз, бу жамоанинг ягона етакчиси ва бу борада ўзи билан рақобат қила олишга қодир номзоднинг йўқлиги боис, у ҳокимиятни ўз қўлига жамлаган мазкур композициянинг асосий режиссёри ва архитектори бўлиб қолади”, - дейди Москвадаги Карнеги марказ таҳлилчиси Андрей Рябов.

Таҳлилчилар фикрича, В.Путин ва унинг командаси келажакда ворис тайинлаш учун ҳар хил ғовларни бартараф қилиш мақсадида 2008 йилги президент сайловидан кейин конституцияга жиддий ўзгартишлар киритиши мумкин.

“Албатта, конституцияга ўзгартиш киритиш катта ҳаракатларни талаб этиши мумкин, - дейди Андрей Рябов. - Лекин бугун мамлакат сиёсатидаги ҳукмронликни қўлга киритиб улгарган В.Путин корпорацияси учун бу ҳаракатларни амалга ошириш чўт эмас”.
XS
SM
MD
LG