Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:18

Роҳат Алиевга “аталган” одам суяклари


Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги мамлакат президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ қудаси, академик Мухтор Алиевнинг Олмаота ташқарисидаги агрофирмаси ҳудудидан одам суяклари топилганини маълум қилди.

Айни пайтда бу суяклар “Нурбанк”нинг жорий йил бошида йўқолган собиқ раҳбарлари Жолдас Темиралиев ва Айбар Ҳасеновга тегишли бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан соқит қилингани йўқ.

Н.Назарбоевнинг эндиликда собиқ куёви, М.Алиевнинг ўғли Роҳат Алиев “Нурбанк” ишида асосий айбланувчилардан бири ҳисобланади. Айни пайтда Австрияда яшаётган Р.Алиев бир қанча оғир иқтисодий жиноятлардан ташқари “Нурбанк” раҳбарларининг йўқолиши ва балки ўлдирилишини уюштиришда ҳам гумонланмоқда.

Олмаота шаҳри ички ишлар департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Омонтой Абубакиров М.Алиевнинг агрофирмаси текширилиши “Нурбанк” иши бўйича айбланаётганлардан бирининг терговда берган кўрсатмасига асосланиб амалга оширилганини маълум қилди.

“Тергов чоғида айбланувчи 2007 йилнинг февраль ойи бошида Р.Алиевнинг топшириғи билан у билан бирга М.Алиевнинг агрофирмасига боргани, Р.Алиев агрофирма ҳудудини кўздан кечириб, машинасига минганча шаҳарга қайтгани ҳақида кўрсатма берди”, - деди О.Абубакиров.

Топилган одам суяклари “Нурбанк”нинг ўғирланган ходимларига тегишли бўлиши эҳтимолдан соқит қилинмаётганини Олмаота шаҳри ички ишлар департаменти матбуот хизмати бошлиғи ўринбосари Ернур Вали ҳам тасдиқлади ва ҳозир бу суяклар кимга тегишли эканини аниқлаш ишлари бораётганини билдирди.

“Нурбанк”нинг бедарак йўқолган собиқ ходими Ж.Темиралиевнинг рафиқаси Армонгул Капашева “Озодлик” мухбири билан суҳбатда топилган суяклар эрига тегишли эканига ишонмаслигини, чунки ички ҳиссиёти унга шундай деяётганини айтди.

Р.Алиевнинг ўз отасига тегишли агрофирма ҳудудидан одам суяклари топилгани ҳақидаги хабарларга муносабати кўп куттирмади. У Интернет орқали тарқатган баёнотида суяклар бирор дайдига тегишли бўлиши мумкинлиги, уларнинг отасига тегишли агрофирма ҳудудидан топилгани Қозоғистон ички ишлар вазири Бауржон Муҳаммаджоновга юқоридан, яъни шахсан президент Н.Назарбоевдан Алиевларни буткул ер билан яксон қилиш мақсадида берилган навбатдаги топшириқ ижросини эканини маълум қилган.
XS
SM
MD
LG