Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:45

Бўғирсоқхўр талабалар


Расмий маълумотларга кўра, Тожикистондаги кам таъминланган оилаларга мансуб ёшлар, талабалар ва ўсмирларнинг аксарияти тўйиб овқатланмайди. Уларнинг молиявий аҳволи бунга имкон бермайди.

Душанбенинг марказий кўчаларидан бирида жойлашган “Садбарг” тижорат маркази ҳовлисида жойлашган ойнаванд дўконлар ҳар доим тожикистонлик ёшлар билан гавжум бўлади. Талаба қизлар ва йигитлар, ўқувчилар бу дўконлардан иссиққина, энг муҳими, арзон бўғирсоқ сотиб олиш имконига эга.

Қишлоқдан пойтахтга ўқишга келган Фаридага деҳқон отаси ҳар ҳафта юбориб турган 10 сомоний ёки тахминан 2,5 доллардан ортиқроқ пул витаминли иссиқ овқат учун етмайди. Шунинг учун ҳам у тушликка бўғирсоқ егани айнан шу дўконларга келади. Аммо бундай “шоҳона тушлик” ҳам ҳар доим бўлавермайди. Чунки кўп ҳолларда Фариданинг бир сомоний ёки тахминан 50 цент маблағи йўлкирага кетади.


Унинг ўртоғи Насибахон мамлакат жанубидаги Шаҳритуз туманидан келган. У хорижлик ёшлардек кафе-барларда нонушта ёки тушлик қилишни орзу қилади. Аммо оиласи Насиба учун ажратган маблағ бунга имкон бермайди. У ҳам Фаридага ўхшаб бўғирсоқ билан чекланади.

Тожикистонлик талабалар, хусусан, йигитларнинг энг яхши кўрган овқати халқ орасида “серғизо” номи билан танилган таом - қуртобдир.

Қуртоб, асосан, ёғоч идиш ёки товоқда тайёрланади. Идишга қатиқ суюлтирилади, унга пиёз, кўкат ва патир нон тўғралади. Бу маҳсулотлар устидан доғланиб турган зиғир ёғ қуйилади. Бу таом жуда мазали бўлиш билан бирга арзон ҳамдир.

Тожикистон Миллий университети биринчи курс талабаси Валиаҳмад 12 кишилик оила фарзанди. Оилада фақат ота ишлайди. Катта акаси пул топиш мақсадида бундан тўрт йил аввал Россия шаҳарларидан бирига кетган ва ҳозирга қадар ундан дарак йўқ. Шунинг учун ҳам у ҳар ойнинг икки-уч кунида иссиқ таом истеъмол қилса, қолган кунларини фақат қуртоб ёки ундан сал соддароғи шакароб билан ўтказишини билдирди.

“Отам берган 8-10 сомоний қоринни ўйласам, йўлкирага етмайди, йўлкирани ўйласам, куни бўйи оч юришга тўғри келади. Кийим бош ҳақида-ку, ўйламасам ҳам бўлади. Бизнинг энг яхши кўрган ва арзон таомимиз қуртоб”, - дейди Валиаҳмад.

Унинг курсдоши Аваз эса тўйиб овқатланмаслик ва организмида витамин етишмаслиги туфайли баъзан ҳушидан кетиб қолишини айтди.

Ваҳдат туманилик Розия хола 6 фарзанднинг онаси. Оиланинг асосий даромад манбаи Россияда мардикорлик қилишдан келадиган тушум. Аммо Розия хола оила аҳли эрталаб қанд чой ва нон билан нонушта қилишини билдирди. Камқувват фарзандлари касалланса, тезда тузалиб кета олмаслигидан куйинди аёл.

Роҳила холанинг айтишича, мамлакатдаги ишсизлик, нархларнинг йилдан-йилга сунъий тарзда ошиб бориши боис, тожикистонликларнинг аксарияти ана шундай қашшоқона ҳаёт кечиришга мажбур.
XS
SM
MD
LG