Линклар

АҚШ ҳарбий базаси Қирғизистонда коррупция ривожига ҳисса қўшмоқдами?


АҚШнинг Қирғизистондаги ҳарбий базаси мамлакатда коррупция кучайишига ва экология бузилишига олиб келаётганини таъкидлаётган фуқаролар АҚШнинг Бишкекдаги элчихонасини пикет қилди.

АҚШнинг Ганси авиабазаси 2002 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда. 2007 йил бошида Бишкек шаҳрида АҚШ ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш ҳаракати ташкил этилган эди. Пикет ҳам мазкур ҳаракат фаоллари томонидан уюштирилди.

Норозилик акцияси ташкилотчиларидан бири Игор Трофимов АҚШ ҳарбий базаси Қирғизистон олий раҳбарияти даражасида коррупция ривожига ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

“Қирғиз ҳукумати ҳар ойда бу базадан юз минг доллар миқдорида фойда кўради. Бундан ташқари, АҚШ ҳарбий базаси Қирғизистон бюджетига ҳам ижара ҳақи тўлайди. Лекин ижара ҳақи қанча экани сир тутилади. Бу эса ижара ҳақининг бир қисми амалдорлар чўнтагига тушмоқда, деган шубҳа уйғотади”, - деди Игор Трофимов.

АҚШ ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш ҳаракати аъзоси, Қирғизистон Коммунистик партияси раҳбари Клара Ажибекова ўз партияси Бишкекда август ойида ўтган ШҲТ саммитига мурожаат йўллаб, ташкилотга аъзо давлатларни АҚШ базасини Қирғизистондан чиқаришга сиёсий таъсир ўтказишни сўраганини, лекин бу мурожаат жавобсиз қолганини билдирди.

“Қирғизистонда НАТО ҳарбий базаси бўлиши мамлакат хавфсизлиги учун ўта хавфлидир. Тарихан АҚШ бирор мамлакатда ўз таъсирини сақлаб қолиш учун аввал қуролли гуруҳлар ташкил этиб, кейин ўзи шу гуруҳларга қарши курашган ва ўзини гўёки хавфсизлик кафолати сифатида кўрсатиб келган”, - деди коммунистлар раҳбари.

Ўшлик сиёсий шарҳловчи Ғанижон Холматов АҚШ базасига қарши ҳаракат Россия таъсири ва Қирғизистондаги айрим россияпараст сиёсатчилар қўлловида ташкил этилганига ишонади.

Қирғиз парламенти раиси Марат Султонов Россия ҳукумати мамлакат хавфсизлигини таъминлаш кафолатини олса, Қирғизистондан АҚШ ҳарбий базасини чиқариш масаласини кун тартибига киритишга тайёр эканини билдирган эди.

“АҚШ элчиси билан учрашувда эса агар ҳарбий база Эрон, Россия ёки Хитойга қарши қаратилгани борасида шубҳа пайдо бўлса, уни мамлакатдан чиқариш талабини қўйишимизни айтгандим”, - деганди Марат Султонов.

Сиёсатшунослик фанлари доктори Жўлбарс Жўрабеков АҚШнинг Бишкекдаги ҳарбий базасини нафақат Қирғизистон, балки қўшни Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатлар хавфсизлиги кафолати сифатида қабул қилади.

Унинг таъкидлашича, бу база Марказий Осиёни содир этилиши мумкин бўлган террорчилик агрессиясидан ҳимоя қилмоқда.
XS
SM
MD
LG