Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:53

Жэм Ўздемир: “ЕИ қарори нотўғридир”


Европа парламентининг Марказий Осиё бўйича маърузачиси Жэм Ўздемир ЕИнинг Ўзбекистон билан муносабатлари демократия принципларидан чекиниш эвазига бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.

Жэм Ўздемир Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни юмшатиш қарорига муносабат билдириб, уни “нотўғри”, деб атади.

Душанба куни Люксембургда учрашган ЕИ ташқи ишлар вазирлари 2005 йилда Андижонда содир этилган қирғинга масъул кўрилган ўзбек расмийларига нисбатан жорий этилган виза тақиқини вақтинча тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилган эди.

“Мен ЕИнинг бу қарорига қўшилмайман. Чунки шу пайтгача Ўзбекистон ҳукумати томондан ЕИ қўйган талабларга ён босиш кузатилмади. Яъни, Андижондаги қирғин учун масъул бўлган шахслардан бирортаси жазога тортилмади. Европа ўз қарорини ўзгартириши учун, аввало, Тошкент олдинга қадам қўйиши керак эди. Афсуски, ҳозирга қадар бундай бўлгани йўқ. Ўзбекистондаги авторитар тузум битта нарсани тушуниши керак, яъни ЕИ фақат энергетика захиралари ҳақида ўйлаётгани йўқ. Биз Европадаги ҳамкорларимиз билан муштарак қадриятларимиз, яъни инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига амал қилиниши ҳақида ҳам ўйлаймиз”, - деди Жэм Ўздемир.

Унинг айтишича, ЕИ қарорининг яна бир ташвишли томони унинг Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, демократия томон илгарилаётган қўшни давлатлар, жумладан, Қирғизистонга қандай ишора беришидир.

“Қирғинни амалга оширган Ўзбекистондаги тузумни рағбатлантириш демократия борасида қийин қарорларни қабул қилаётган Қирғизистон учун ёмон ишора бериши мумкин. Менимча, бу ерда изчил, қатъий бир сиёсат ишлаб чиқилмоғи керак”, - деди Жэм Ўздемир.

Жэм Ўздемир Германиянинг яшиллар партиясидан Европарламентда вакил ҳисобланади. У Европарламентнинг Марказий Осиё бўйича маърузачиси бўлишдан ташқари ЕИнинг минтақа бўйича стратегиясига доир янги ҳисобот лойиҳасининг муаллифи ҳамдир.

“EИ Марказий Осиё бўйича стратегиясини Европа кенгашида қабул қилган. Айни пайтда Европа парламенти ҳам Марказий Осиё минтақаси аҳамияти ҳақидаги ҳисоботни ҳозирлаяпти. Кенгаш бир кўзини Марказий Осиёнинг энергия захираларига кўз тиккан ҳолда мазкур минтақа давлатлари билан муносабатларни кучайтириш ниятида. Биз эса ЕИнинг бу алоқалари қонун устиворлиги, демократия тамойилларига асосланиши керак, деб ҳисоблаймиз”, - деди Жэм Ўздемир.

Келаси ҳафтада Европарламентда муҳокама этилажак ҳисоботнинг асосий жиҳатлари ЕИ Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлар, иқтисодий, жумладан, энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтиришдир. Лекин бундай ҳамкорлик муштарак қадриятларнинг четга суриб қўйилиши эвазига бўлмаслиги лозим.

“Бу умум эътироф этилган демократия қадриятларидир. Албатта, совет даври тоталитар ўтмишига эга бу давлатларда бунга дарҳол эришиб бўлмайди. Лекин биз шу йўналишда бир қадам бўлса-да, олдинга силжиш кузатилишини хоҳлаймиз”, - деди Жэм Ўздемир.
XS
SM
MD
LG