Линклар

logo-print

Журналист ўзи ишонмайдиган одамларга арз қилди

  • Ҳасанжон

11 октябрь куни ўзини Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари сифатида таништирган шахслар томонидан калтакланган мустақил журналист Сид Янишев Ўзбекистон президенти ва куч ишлатар тизимлар раҳбарларига арзнома жўнатди.

Калтакланган журналист бир неча кун давомида уйида ётиб, ўзини яхши ҳис қила бошлагандан кейин арзномани Ўзбекистон президентидан ташқари ички ишлар вазири Баҳодир Матлубов ва МХХ раиси Рустам Иноятов номига йўллаганини билдирди.

“Аризамда 11 октябрь куни ўзини МХХ ходимлари, деб таништирган шахслар ҳужум қилиб, мени калтаклагани ҳақида маълум қилдим. Шунингдек, аризада мен журналистик фаолиятим туфайли азият чекдим, деб ўйлашимни баён этиб, ҳужум қилган шахсларни топиб жазолаш бўйича конституциявий ҳуқуқимни таъминлашни сўрадим”, – деди журналист.

Сид Янишев мактубни Тошкент шаҳридаги марказий почта орқали буюртма хат сифатида жўнатган. Мактуб манзилга етиб борганидан сўнг бу ҳақда маълумот келади.

Сид Янишевнинг сўзларига кўра, у калтаклангандан сўнг дарҳол воқеа жойи яқинидаги милиция ходимларига мурожаат этган. Бироқ уст-боши кир, чанг бўлган журналистни кўрган милиция ходимлари унинг гапларига ишонмай, у ердан кетмаса, қамаб қўйиш билан пўписа қилган. Арзномасида милиция ходимларининг бундай муносабатини ҳам эслатган.

“Аммо арзномам рамзий маънога эга. Мен бу иш юзасидан олдинга силжиш рўй бериб, айбдорлар топилишига ишонмайман. Шунинг учун мен маҳаллий милиция нозири, Ички ишлар вазирлиги ёки бошқа идораларга мурожаат қилмадим”, – деди Сид Янишев.

Журналистнинг билдиришича, ҳозир ўзини яхши ҳис қилмоқда. Қўли ва оёғидаги латлар, мияси чайқалганини ҳисобга олмаса, унга жиддий жароҳат етмаган. Айни пайтда яна фаол ишини давом эттирмоқда.

Сид Янишев Лондондаги Уруш ва тинчликни ëритиш институти учун Ўзбекистон ҳақида мақолалар ëзиб танилган журналист. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, у 2005 йилги Андижон фожеаси ҳақида мақолалар ёзган маҳаллий журналистлардан бири.
XS
SM
MD
LG