Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:40

Фақат қонунни ўзгартириш билан муаммони ечиб бўлмайди


Тожикистон парламентининг қуйи палатаси мамлакатнинг одам савдосига қарши курашга оид амалдаги қонунларини халқаро меёрларга мослаштириш мақсадида 2004 йилда қабул қилинган “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритди.

Қуйи палатанинг конституциявий қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмад Раҳимов Тожикистон ўз қонунларини халқаро конвенция ва меъёрларга мослаштириш вақти етганини айтди.

“Янги ўзгартишга кўра, одам ўғирлаш, яшириш, сотиш, иккинчи шахс ихтиёрига топшириш, зўравонлик ёки ўз мансабини суиистеъмол қилиб, ундан ўз мақсади йўлида фойдаланиш ва бир шахс ёрдамида бошқа бир шахсни жинсий қулликка жалб этиш каби жиноятларни содир этганлар 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиб, молу мулки давлат фойдасига мусодара қилинади. 2004 йилда қабул қилинган қонунда одам савдосига оид жиноят шакллари ва жиноят билан шуғулланган шахсларга нисбатан жазо муддати аниқ кўрсатилмаган эди”, - деди парламент вакили.

Маҳмад Раҳимовнинг таъкидлашича, трансмиллий хусусиятга эга бўлган бу турдаги жиноятчилик сўнгги йилда тожик жамиятида кескин тус олмоқда.

Мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари масъуллари одам савдосига қарши кураш борасида муайян натижаларга эришилганини билдирмоқда. Ҳатто хорижий давлатлар билан жиноятчиларни ватанига қайтариш бўйича ҳамкорлик қилиняпти.

Тожикистон бош прокурори ўринбосари Абдусами Дадабоевнинг сўзларига кўра, айни пайтда мамлакатнинг одам савдоси билан шуғулланган 45 фуқаросига нисбатан қидирув эълон қилинган.

“Шундай жиноятлар содир этиб, ҳозир Бирлашган Араб Амирликларида яшириниб юрган фуқароларимиз бор. Уларни ватанга қайтариш учун бу давлат билан ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзолаган”, - деди А.Дадабоев.

Мустақил кузатувчилар эса одам савдосига оид қонуннинг биргина моддасига ўзгартиш киритиш ёки жазо муддатини аниқлаштириш билан бу муаммога нуқта қўйиб бўлмаслигини таъкидлаётир.

Мустақил кузатувчи Марям Давлатованинг билдиришича, Тожикистонда одам савдосига оид жиноятлар кўлами жиҳатдан наркотиклар савдосидан кейинги ўринда туради.

“Қонунга ўзгартиш киритиш жиноятнинг олди олинди, дегани эмас. Муаммо ечими одамлар ўртасида кенг тушунтириш олиб боришда. Одам савдоси билан шуғулланганлар эса жазоланиши шарт. Аммо қўлга олинган жиноятчиларнинг кўпчилиги қўйиб юборилаётгани ҳақида гаплар юрибди. Бу муаммога қарши курашни мақсад қилган маҳаллий нодавлат ташкилотлар эса фақат грант олишни ўйлайди. Шунинг учун жиноятчилик кўлами камаймаяпти”, - деди мустақил кузатувчи.

Тожикистонда одам савдоси қурбони бўлаётганларнинг аксариятини қиз ва жувонлар ташкил этади.

Халқаро миграция ташкилотининг Тожикистондаги вакиллиги берган маълумотларга кўра, биргина 2006 йилда Бирлашган Араб Амирликларида жинсий қулликда бўлган тожикистонлик қарийб 100 хотин-қиз ватанига қайтарилган.
XS
SM
MD
LG