Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:49

Е.Жовтис: “Қозоғистон ЕХҲТ раислигига муносиб эмас”


АҚШ Конгрессининг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик комиссиясидаги чиқишида Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси раҳбари Евгений Жовтис Қозоғистон 2009 йилда ЕХҲТга раислик қилишга муносиб эмаслигини таъкидлади.

Унинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтишича, Қозоғистоннинг ЕХҲТга раислик қилиши бу тузилма Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг европача кўринишига айланишига олиб келиши мумкин. Бу эса МДҲнинг бошқа авторитар давлатларига ёмон ўрнак бўлади.

Е.Жовтис ҳозир Қозоғистон ЕХҲТ билан ҳамкорлик доирасида иқтисодий масалалар ва хавфсизликни таъминлаш борасида олган мажбуриятларига амал қилаётгани, бироқ инсон ҳуқуқлари, сўз ва матбуот эркинлигининг қўпол равишда бузилиши Қозоғистонни ЕХҲТга раислик қилишга лойиқ номзодлар қаторига қўймаслигини билдирди.

“Қозоғистон ЕХҲТ раислигига номзодини қўйганида мамлакатда демократик ислоҳотлар ўтказилиш шарти билан бу қарорни қўллаб-қувватлагандим. Аммо жорий йилда конституцияга киритилган ўзгартишлар, бўлиб ўтган парламент сайлови, ҳукуматнинг мухолифат партиялари ва матбуотига босимлари, мухолифат вакиллари ва етакчиларининг ҳанузгача таъқиб қилиниши Қозоғистон бу шартларни буткул инкор этаётганидан дарак беради”, - деди Е.Жовтис.

Баъзи маҳаллий кузатувчилар Қозоғистон ўзининг энергия захиралари эвазига ЕХҲТга аъзо давлатларнинг қўллаб-қувватлашига эришиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Е.Жовтис сўзларига кўра, айни пайтда Германия, Бельгия, Франция каби давлатлар Қозоғистоннинг 2009 йилда ЕХҲТга раислик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиши у билан мулоқотларни осонлаштиришига умид қилаётир.

“Аммо, менимча, ташкилотнинг бошқа аъзолари Қозоғистон ЕХҲТга раис бўлишига йўл қўймайди. Шунга қарамай, мамлакат 2010, 2011, 2012 йилларда бунга яна бир уриниб кўриши мумкин”, - деди Е.Жовтис.

Сиёсатшунос Айдос Саримов эса Қозоғистонга Нурсултон Назарбоев раҳбарлик қилар экан, мамлакат ЕХҲТга раислик қилишни ўйламаса ҳам бўлишини таъкидлади.

“Мен тўлиқ ишонаманки, Н.Назарбоев ҳеч қандай демократик ислоҳотлар ўтказмайди”, - деди А.Саримов.

Ўтган ҳафтада Қозоғистон демократик кучлари, аниқроғи, 40дан ортиқ етакчи демократ сиёсатчи ва жамоат арбоби ҳам ЕХҲТга мурожаат йўллаб, мамлакат бу ташкилотга раислик қилишга муросиб эмаслигини билдирганди.
XS
SM
MD
LG