Линклар

Ислом Каримов туркманларнинг “энг ҳурматли ёшулли”си бўлди

  • Замира Шукур

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Ашхободга келиши аксар таҳлилчилар томонидан марҳум Туркманбоши Сапармурод Ниёзов даврида икки қўшни давлат ўртасида совуқ кечган муносабатларнинг илиқлашув босқичига киргани белгиси сифатида талқин қилинмоқда.

И.Каримовнинг Қурбонқули Бердимуҳаммедов ҳукмронликни қўлга олган қўшни Туркманистонга сафари шарқона меҳмондўстлик қоидаларига тўла мос равишда ўтди. Мезбон меҳмонига ташаккур билдиришда, меҳмон мезбонига ҳамду санолар айтишда бир-биридан қолишмади.

Икки қўшни давлат раҳбарининг туркман телевидениеси олиб кўрсатган учрашуви, мезбоннинг меҳмон шарафига уюштирган базми ўзаро хушомад ва мақтовларга тўла бўлди.

И.Каримов ва Қ.Бердимуҳаммедов учрашув ниҳоясида 2008-2012 йилларда ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга оид келишувга имзо чекди. Икки ҳукуматнинг юқори даражали расмийлари эса савдо, божхона, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар ва давлат чегараларидан ўтиш пунктларига оид ҳамкорлик шартномаларини имзолади.

Ҳар иккала давлат раҳбари муҳокама қилинган барча масалаларда бир хил қарашда эканликларини қайта-қайта такрорлашдан чарчамади.

И.Каримов ва Қ.Бердимуҳаммедовнинг бундай ўзаро муносабатини шарҳлаëтган мустақил кузатувчилар ўзаро яқинликни тақозо қилаëтган қатор омилларни тилга олмоқда.

Маркази Лондонда жойлашган Уруш ва тинчликни ëритиш институти таҳлилиси Жон Маклойд яқинларгача ўз қўшниси, марҳум С.Ниëзов устидан очиқ кулиб келган И.Каримовни Ашхободга етаклаган омиллардан бири ҳақида гапирар экан: “Бундан бир неча йил аввал ўзини минтақанинг кекса ҳукмдори санаган И.Каримовнинг Қ.Бердимуҳаммедовдек ëш болага қайрилиб қарашини ҳам тасаввур қилиш қийин эди. Аммо Қирғизистонда содир бўлган ҳокимият алмашувидан сўнг И.Каримов қўшнилари ҳудудини кимлар бошқараëтганига фавқулодда қизиқиш кўрсатмоқда. Ҳозирча синалмаган от бўлмиш Қ.Бердимуҳаммедовнинг кимлиги ва унинг нималар қилаëтганини яқиндан билиш истаги уни Ашхободга олиб келди. Бундан буëғига И.Каримовнинг авторитаризмга кучли мойиллик кўрсатаëтган Қ.Бердимуҳаммедов билан янада яқинроқ муносабат қилишини кутиш мумкин”, - деди.

Москвадаги Стратегик тадқиқотлар институти таҳлилчиси Аждар Куртов туркман газини сотишнинг янги йўлларини излаётган расмий Ашхобод Ўзбекистон билан алоқаларни яхшилашга мажбур эканини айтади.

“Туркманистон Хитойга газ сотишга катта қизиқиш билдиряпти. Бу газ қувури эса Ўзбекистондан ўтади. Шу боис, И.Каримов ва Қ.Бердимуҳаммедовни нафақат уларнинг авторитар сиëсати, балки иқтисодий ва молиявий манфаатлари ҳам яқинлашишга ундамоқда”, - дейди Аждар Куртов.

Аммо бу яқинлашув, унинг сўзларига кўра, мустабид тузумлар табиати берадиган имкон доирасидагина бўлади ва Каримов-Бердимуҳаммедов дўстлигидан эртага ўзбек ва туркман халқлари кундалик турмушига ҳам рўшнолик киради, деб умид қилиш асоссиздир.

“Авторитар тузумларга хос асосий хусусиятлардан бири уларнинг ташқи дунëдан айрилиги ва ташқи таъсирдан ҳимояланганидир. Ҳар иккала давлат ҳамон ëпиқ авторитар тузумда қолмоқда. Шу боис, на Каримов ва на Бердимуҳаммедов яқин орада ўз сарҳадларини бир-бирига, аниқроғи, ташқаридагиларнинг кириши учун очиб беради. Қолаверса, илиқлашаëтган муносабатлар ҳали икки давлат ўртасидаги бир-бирига ишончсизликка барҳам берганича йўқ”, - деди Аждар Куртов.

Мустақил таҳлилчиларнинг бундай фикрига қасдма-қасд 18-19 октябрь кунлари И.Каримов ва Қ.Бердимуҳаммедов ўзаро муносабатларни барча соҳада ривожлантириш, дўстлик, ўзаро қондошлигу жондошлик ҳақида гапирди.

Мен Қурбонқули Бердимуҳаммедов қиëфасида ишончли дўстга эга бўлдим, деган И.Каримов ўз шарафига берилган зиëфатда Махтумқулидан шеърлар ўқиди.

Марказий Осиëнинг энг кекса ва тажрибали ҳукмдори оғзидан ўзи ва миллати шаънига билдирилган бундай мақтовлардан эриб кетган янги Туркманбоши эса Ислом Каримовни Туркманистоннинг энг олий давлат соврини – Ҳурматли эл ëшуллиси мукофоти билан тақдирлади.

Шундай қилиб, марҳум Туркманбоши Ўзбекистон раҳбарини ўз жонига қасд қилган террорчиларга кўмак берганликда айблаганидан уч йилча ўтиб Ислом Каримов Ашхободдан энг ҳурматли ëшулли нишони билан қайтиб келди.
XS
SM
MD
LG