Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:15

Россия-АҚШ муносабатлари совуқлашяптими?


АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс ва мудофаа вазири Роберт Гейтс ўтган ҳафтада Москвада россиялик ҳамкасблари Сергей Лавров ва Анатолий Сердюков томонидан совуқ қабул қилинди.

Аммо давлат котибининг Европа масалалари бўйича ёрдамчиси, Москвадаги музокараларда қатнашган Дэниел Фрид “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ахборот воситаларида тарқатилгани каби икки давлат муносабатлари янада совуқлашмагани таъкидлади.

Д.Фрид: “Матбуотда музокараларга берилган баҳо ҳақиқий натижалардан анча паст бўлди. Айниқса, сўзлашувда кимлар қатнашгани инобатга олинса, бу яққол кўринади. Биз қанотли ракеталар ҳужумидан мудофаа тизими ва Европада оддий қуролли кучлар ҳақидаги конвенция масалаларида муваффақиятга эришдик. Биз келишувга эришмадик ёки кескин бурилиш ясамадик, аммо олдинга силжиш бўлди. Буни россияликлар ҳам эътироф этди. ... Қарашларимиздаги фарқни камайтириш учун россияликлар биз билан бирга ишлаш истагини билдирди”.

Мухбир: АҚШ ракета ҳужумидан мудофаа тизимининг бир қисмини Польша ва Чехия ҳудудига жойлаштиришни режалаштирган. Мазкур режадан воз кечиш эвазига Москва Озарбойжондаги Габала радар станциясидан биргаликда фойдаланишни таклиф қилган эди. АҚШ расмийлари бу тўғрида қандай фикрда?

Д.Фрид: “Бизнингча, президент Владимир Путин Габала станциясидан биргаликда фойдаланиш ҳақида бизга жуда қизиқ таклиф берди. Россия ҳукумати буни Чехияга ўрнатилиши режаланаётган радар станциясига муқобил станция сифатида таклиф қилган. Бизнингча, бу борада ҳамма таклиф, хусусан, Польшада ракеталар жойлаштирилиши, Чехиядаги радар, НАТОнинг мавжуд ёки бўлажак кучлари, Россиянинг Москва ташқарисидаги улкан ракета ҳужумидан мудофаа тизими каби масалаларнинг ҳаммаси муҳокама столи устига қўйилиши керак. Биз Эрон ва балки бошқа давлат солиши эҳтимоли бўлган таҳдидга қарши ўз имкониятларимизни бирлаштириб чора ишлаб чиқишимиз лозим. Биз шуни таклиф қиляпмиз”.

Мухбир: Президент Владимир Путин Европада оддий қуролли кучлар ҳақидаги шартномадан Россия бир томонлама чиқиши билан таҳдид қилган эди. Москвадаги музокаралар чоғида шу масала ҳам кўтарилдими?

Д.Фрид: “Европада оддий қуролли кучлар ҳақидаги конвенция йўққа чиқишининг олдини олиш йўлларини топишга ҳаракат қиляпмиз. Биз Россия раҳбарининг баёнотига қарши кескин жавоб қайтариш тўғри эмас, деган фикрдамиз. Биз бундай баёнот берилганидан афсусланамиз”.

Мухбир: АҚШ ва Россия муносабатлари янада совуқлашаётгани ҳақида оммавий ахборот воситаларида тарқатилган маълумотларга қўшилмайсиз, шундайми?

Д.Фрид: “Биз Москвада ўтган икки плюс икки музокараларини жиддий қабул қиламиз. Биз бу сўзлашувга конструктив, очиқ, кўтаринки руҳда бордик. Биз “йўқ” дейиш йўлларини қидирмаяпмиз. Биз муваффақиятга эришиш йўлларини излаяпмиз. Стратегик масалаларда АҚШ ва Россия бирга ишлаши лозим. Ўтган ҳафтада россияликлар биз янги фикрларни таклиф қилаётганимиз ва бу борада жиддий эканимизни тушунди. Биз улар ҳам конструктив тарзда жавоб бераётганини билдик. Бу улар ўз позициясидан воз кечганини, ўртадаги фарқ йўқ бўлганини англатмайди. АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс ва мудофаа вазири Роберт Гейтснинг россиялик ҳамкасблари билан сўзлашувлари қанчалар узоқ чўзилган бўлса, натижа шунчалар ижобий бўлди”.
XS
SM
MD
LG